Путин Шавкат Мирзиёевни мукофотлади

Жамият 26144
image
-

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Александр Невский ордени билан мукофотлади. Тегишли фармон ҳуқуқий ахборот порталига жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, Мирзиёев Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун тақдирланган.

Маълумот учун, Александр Невский ордени Россия империяси, Совет Иттифоқи ва Россия Федерациясининг мукофотлаш тизимларида (маълум ўзгаришлар билан) мавжуд бўлган ягона мукофотдир. Россия империясида 1725-1917 йилларда Авлиё Александр Невский ордени, СССРда 1942-1991 йилларда Александр Невский ордени мавжуд эди. 1991 йилда Иттифоқ қулагач, Россия Президенти СССРдаги мукофотлаш тизимини сақлаб қолган.

Александр Невский ордени билан давлат хизматида лавозимларни эгаллаган Россия Федерацияси фуқаролари давлат қурилишида Ватан олдидаги алоҳида шахсий хизматлари, кўп йиллик виждонан хизмати ва хизмат вазифаларини бажаришда эришган юқори натижалари, Россиянинг халқаро нуфузини, мамлакатнинг мудофаа қобилиятини ва иқтисодий ривожланишини мустаҳкамлашда, фан, таълим, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматлари, шунингдек, Россия Федерацияси фуқаролари иқтисодиёт, илмий-тадқиқот, ижтимоий-маданий, маърифий ва бошқа ижтимоий фойдали фаолият турлида юқори шахсий ютуқлари учун мукофотланади.

Александр Невский ордени билан ҳарбий-тиббиёт ташкилотлари ҳарбий хизматчиларни соғлигини сақлаш соҳасида эришган юксак ютуқлари учун тақдирланиши мумкин.

Бундан ташқари, Александр Невский ордени билан таниқли хорижий сиёсий ва жамоат арбоблари, хорижий мамлакатлар ишбилармон доиралари вакиллари Россия Федерацияси билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўрсатган хизматлари учун мукофотланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 65 ёшни қаршилайди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 732
Рейтинг: 3.1
t
×