Қодиров соғлиғи ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди
Олам
−
27 Май
7148Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни рад этди ва уларни “пуч миш-мишлар” деб атади. Бу ҳақда у бугун, 27 май куни ўзининг VKontakte саҳифасида видео қолдирди.
Қодиров томонидан эълон қилинган видеода у бундай ёлғон маълумотлар тарқатмасликка ва фитна уюштирмасликка чақирган. Видеода Қодиров табиатда сайр қилаётган ҳолатда тасвирланган.
“Ҳар бир кун – бу Оллоҳ томонидан ато этилган бебаҳо неъматдир. Вақтимиз белгиланган ва биз уни англаб яшашимиз керак. Миш-миш тарқатиб, фитна солиш ўрнига ҳаётимизни яхшилик, самимият ва шукроналик билан тўлдиришимиз зарур”, деган Чеченистон раҳбари.
Сўнгги кунларда интернетда Қодировнинг соғлиғи билан боғлиқ турли тахминлар ва тасдиқланмаган хабарлар кенг тарқалган эди. Ушбу видеомурожаат шу миш-мишларга жавобан эълон қилинган.
Маълумот учун, Рамзан Қодиров 2007 йил 5 апрелда Чеченистон раҳбари лавозимини эгаллаган бўлиб, Россиядаги амалдаги минтақа раҳбарлари орасида энг узоқ ишлаётган сиёсатчи ҳисобланади. У сўнгги марта 2021 йилнинг сентябрь ойида қайта сайланган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Қодиров сайловда 99,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонган, сайловдаги иштирок даражаси эса 94,42 фоизни ташкил қилган. Унинг ҳозирги ваколат муддати 2026 йилгача амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Шимолий Кавказга ихтисослашган собиқ ходими “Важные истории” нашрига берган интервьюсида сўнгги ойларда Россия Президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўртасидаги муносабатлар бузилгани ҳақида айтганди. Шу миш-мишлар фонида Қодиров Чеченистон раҳбарлиги лавозимидан кетиш учун рухсат сўраб чиққанди, аммо баъзи бир манбалар Путин Қодировнинг истеъфосига рухсат бермагани ҳақида ёзди.
LiveБарчаси