Қодиров Россия бошқа мамлакатларга ҳам уруш очиши мумкинлигини айтди 

Олам

image

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам Қодиров Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган 19 ёшли Никита Журавелни тергов изоляторида калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Рамзан Қодиров мазкур ҳолат юзасидан билвосита муносабат билдирди.

Унга кўра, Украина билан урушдан кейин Россия Ислом динининг муқаддас китоби, Қуръон ҳақоратланган давлатларга ҳужум бошлайди.

“Европанинг аксар давлатларини инсоний туйғуга эга бўлмаганлар бошқаради. Урушда 100 фоиз ғалаба қозонишимизга ишонамиз, Украинадан кейин биз Қуръонни ҳақоратлаган давлатларга борамиз. Агар уларда имонли одамлар бўлмаса, бизда борлигини англашлари керак”, дейди у.

Чеченистон раҳбарининг тегишли баёноти акс этган видеода тергов изоляторида Никита Журавелни калтаклаган Адам Қодиров, шунингдек, аввалроқ Журавел “Чеченистонда жазо топади” деб ваъда берган Чеченистон матбуот вазири Аҳмад Дудаев ҳам кўриниш берган.

Айтиш жоиз, жорий йилнинг 22 май куни Волгоград суди 19 ёшли Никита Журавелни Ислом динининг муқаддас китобини ёқиб юборганликда айблаб, икки ойга ҳибсга олган. Шундан сўнг РИА Новости эълон қилган тегишли видеода Волгоград фуқароси дунё мусулмонларидан узр сўраган ва Қуръонни ёқиш “жуда ёмон иш” эканини айтган. 

Кейинчалик иши Чеченистонга ўтказилган ва Грознийга олиб кетилган Журавел изоляторда уни Адам Қодиров калтаклаганини айтиб, Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Татьяна Москалковага мурожаат йўллаган эди. Унда Журавел Чеченистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Мансур Солтаевдан ўз ваколатлари доирасида ушбу иш бўйича тергов ўтказишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Дания ва Швецияда Қуръон ёқиб юборилгани дунё бўйлаб катта муҳокамаларга сабаб бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров Чеченистон Никита Журавел

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг