Қочоқ сиёсатчилар паноҳ топган юрт: Ғани нега айнан БААга қочди?
Олам
−
30 Август 2021
16059Жорий йилнинг 15 август куни “Толибон” Афғонистон пойтахти Қобулни эгаллаганидан сўнг, дунё собиқ Президент Ашраф Ғанининг қаерга кетгани билан қизиқди. Орадан бироз вақт ўтиб, унинг Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) экани маълум бўлди.
Ғани БААдан паноҳ топган собиқ раҳбарларнинг узун рўйхатига қўшилди. Таъкидланишича, Покистоннинг собиқ Президенти Первез Мушарраф, Таиланднинг собиқ Бош вазири Таксин Чинаватра ва Испаниянинг собиқ қироли Хуан Карлос БААни ўз “уй”и деб билади.
Бу раҳбарларнинг аксарияти ўз мамлакатларини қийин вазиятда ташлаб кетган. Мушарраф 2007 йилда Покистон конституциясини бекор қилгани ва тўхтатгани учун давлатга хиёнат қилганликда айбланган.
Таксин Чинаватра бош вазирлик даврида коррупцияда айбдор, деб топилган. Хуан Карлос Саудия Арабистони билан ғайриоддий алоқада айбланган.
Ғани эса ҳеч қандай иш қилмагани учун танқид қилинди, у Қобулдан миллионлаб доллар нақд пул билан кетгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бошқа афғон расмийлари олдиндан режалаштириб, Қобулдан Дубайга юз миллионлаб доллар ўтказишда гумон қилинмоқда.
Американинг дипломатик маълумотларига кўра, Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Аҳмад Зия Масъуд бир куни Дубайга 52 миллион доллар нақд пул билан келган. (Афғонистонда ўртача йиллик даромад 500 долларга яқин.) Бу пулларнинг бир қисми кўчмас мулкка кетган.
Маълум қилинишича, Kabul Bank’нинг марҳум раиси Шер Хон Фарнуд Дубайда ўнлаб мулкларга эгалик қилган. У Афғонистоннинг собиқ Президенти Ҳамид Карзайнинг шерикларига амирликдан виллалар сотиб олиш учун қарз берган.
Қайд этилишича, Бирлашган Араб Амирликлари Базель бошқарув институтининг пул ювиш билан боғлиқ хавфлар индексида паст кўрсаткичларга эга. Бу коррупцияга қарши курашмоқчи бўлган хорижий ҳукуматларнинг ғазабига сабаб бўлди, лекин пул ювувчилар, қурол контрабандачилари ва шубҳали амалдорлар учун афзал жойга айланди.
Таъкидланишича, афғон расмийлари жамадонлар тўла нақд пул билан келган биринчи амалдорлар эмас. 2003 йилда Америка бостириб кирганида, Ироқдан баасистлар ҳам БААга келган. 2012 йили Сурия Президенти Башар Асаднинг қариндошлари ҳам шундай қилишган.
Қайд этилишича, БАА халқаро адолатга ҳисса қўшиши билан мақтана олмайди. У ерда экстрадиция ҳам, молиявий қонунбузарлик учун жавобгарликка тортиш ҳоллари ҳам кам учрайди.
Бирлашган Араб Амирликларининг Афғонистон билан экстрадиция қилиш тўғрисидаги шартномаси бор, лекин агар “Толибон” талаб қилса, бу шарт бажарилмаслиги мумкин.
БАА Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ғани мамлакатга гуманитар сабабларга кўра қабул қилинган. Чунки, “Толибон” охирги марта ҳокимиятни қўлга киритганида, ўша пайтдаги Афғонистон раҳбарини қийноққа солган ва ўлдирган.
Ҳозир БААдан Афғонистоннинг демократик тарзда сайланган охирги Президенти паноҳ топган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси