Қоҳирада Араб давлатлари лигасининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтади
Олам
−
10 Октябрь 2023
1474011 октябрь куни Қоҳирада Араб давлатлари лигасининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Фаластиннинг ушбу лигадаги доимий вакили Муҳанад ал-Аклук маълум қилди.
Ғазо секторидаги кескинлик бўйича йиғилиш Араб давлатлари лигаси Бош котибияти қароргоҳида ташқи ишлар раҳбарлари даражасида ўтказилади.
Маълумотларга кўра, аввалроқ Фаластин минтақадаги вазиятни қандай давом эттиришни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилишни талаб қилган. Марокаш ва Ироқ ҳам худди шундай таклифлар билан чиққан.
Араб давлатлари лигасига араб тилида сўзлашувчи 18 давлат, Фаластин давлати ва араб дунёси билан яқин алоқада бўлган учта Шарқий Африка мусулмон давлатлари – Комор, Сомали ва Жибути киради. Лиганинг бош қароргоҳи Қоҳирада жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Шунингдек, ҲАМАС асирга олинган исроилликлардан АҚШ ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш бўйича музокараларда фойдаланишни режалаштирмоқда.
Ҳозирда Ғазо секторида 187 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб кетди. Икки томондан қурбонлар сони 1600 дан ошган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь