Қизиқчи Шукурулло Исроиловнинг машинаси ўғирлаб кетилди (видео)
3-саҳифа
−
26 Март
36978Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида қизиқчи Шукурулло Исроиловнинг автомобили олиб қочилди. Бу ҳақда “Uzreport” хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси навбатчилик қисмига Мирзо Улуғбек туманида автомобиль олиб қочилганлиги бўйича хабар келиб тушган.
“Маълум бўлишича, номаълум шахс Миришкор кўчасида очиқ қолдирилган Mercedes русумли автомобилни ўғирлаб, қочиб кетган”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан машинани топиш ва эгасига қайтариш чоралари кўрилган. Олиб қочилган транспорт воситаси Учтепа тумани Заргарлик кўчасида тўхтатилган. Гумонланувчи фуқаро ва транспорт воситаси жиноий қидирув ходимларига топширилган. Транспорт воситасини 1998 йилда туғилган шахс очиқ қолганидан фойдаланиб, олиб қочиб кетгани аниқланган.
“Шу машинага қизиқаман. Ҳайдаб, нима қилишни билмас эдим. Кейин машинага ўтириб ҳайдадим. Ҳайдаб шаҳарни айланиб, Учтепа туманида тўхтаб, тушиб турганимда ходимлар келиб ушлашди”, дея ўз айбини тан олган гумонланувчи.
Шунингдек, қизиқчи Шукурулло Исроилов ҳам барчани ҳушёр бўлишга чақирган.
“Машинамни қулфламасдан, калитни ичида қолдириб, бир жойга кириб кетдим. Қарасам машинам йўқ. Кимдир ҳазиллашди, деб ўйладим, лекин машинам ўғирланибди”, дея қўшимча қилган у.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган. Ушбу моддада назарда тутилган жиноятни содир этганлар 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги автотураргоҳда турган Damasʼни олиб қочган йигитлар 7 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
LiveБарчаси