Ўзбекистонда Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилади. Фойда бўлармикин?
Жамият
−
21 Октябрь 2020
10304Ўзбекистонда Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилади. Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан илгари сурилаётган “Тезкор қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳасида билдирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдухалим Холмахматов бугун, 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида маълум қилган.
Ялпи мажлисда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Унда сўзга чиққан Холмаматовнинг қайд этишича, ўтган 9 ой давомида прокуратура органларига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида жами 2 323 та ариза ва хабарлар келиб тушган. Шундан 242 таси, яъни 10 фоиздан кўпроғи қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилингани ҳақидаги мурожаатларни ташкил қилган.
“Шу йилнинг ўтган даври мобайнида 11 нафар ички ишлар ходимлари қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятлари учун айбланиб, иш судга оширилган. Бош прокуратура бошқа тегишли идоралар билан биргаликда қўшма қарор қабул қилиб, шахснинг ҳуқуқини чеклайдиган процессуал мажбурлов чоралари – ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи, лавозимдан четлатиш каби чораларни қўллаш ҳолатларини янги электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб бориш мажбурийлиги белгиланди. Эндиликда шахсга қўлланилган ушлаб туриш чораси тизимга киритилмаган тақдирда, тергов ҳибсхонаси ёки вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қабул қилишга йўл қўйилмайди”, деб ваъда қилади Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари.
Шу каби жиноятларга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни ҳам ягона электрон тизим ҳисобини юритиш имконини берувчи дастур яратилиб, барча идораларга жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 августда имзолаган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Президент Администрациясига 4 та қонун, битта фармон лойиҳаси киритилган.
Алоҳида қайд этиш керакки, Холмахматов ички ишлар идораларидаги қийноқлар ҳақида гапириб, прокуратурада бу борадаги вазият қандайлигига тўхталмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь