Қисқа ва лўнда: Сенатнинг 22-ялпи мажлиси озгинаю созгина бўлди
Жамият
−
14 Сентябрь 2019
5397Бугун, 14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда 59 сенатор иштирок этди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Фарқли жиҳати шундаки, ҳафта охири ва кўтарилаётган масалалар аввалдан муҳокамада бўлиб келгани учун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси қисқа ва лўнда бўлди.
Сенаторлар ишни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.
Маълумот учун, ҳозирги вақтда 4 та давлат: Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТДҲК) аъзолари саналади. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган.
Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.
Сенаторлар кейинги пайтда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар, энг аввало, минтақадаги қўшни мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганлигини қайд этдилар. Бу Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида Ўзбекистоннинг кўптомонлама ҳамкорлигини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Шундан сўнг сенаторлар “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарорини тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Сўзга чиққанлар бу масала бутун жамият учун муҳимлиги туфайли унинг Сенат ялпи мажлисида муҳокама этилиши алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Сенаторлар кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, бундай ҳолатларга барҳам бериш, аҳоли, айниқса, ёшларда бу масаланинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўғри тушунча ҳосил қилиш мақсадида қатъий чоралар кўриш муҳим эканлигини таъкидлади. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.