Қишлоқ хўжалигида ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтилади
Жамият
−
19 Апрель 2023
7025Қишлоқ хўжалигида сувни тежаш мақсадида Жиззах вилояти Пахтакор туманида тажриба тариқасида ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда кеча, 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида сув хўжалигида ва фармацевтика саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда каналларнинг фойдали иш коэффициенти пастлиги ва ички тармоқларда сув кўп йўқотилиши оқибатида қишлоқ хўжалигида йилига 4 миллиард 800 миллион доллар кам даромад олинаётгани қайд этилган.
Шу боис Жиззах вилояти Пахтакор туманида тажриба тариқасида ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари ушбу лойиҳа ташаббускорининг таклифларини эшитиб, уни қўллаб-қувватлаган. Бундай ишларни сув етказиб бериш харажатлари энг юқори бўлган Қашқадарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.
Бунга илм билан ёндашиб, лойиҳа харажатларини қисқартириш, ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган.