Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига Абдураҳмонов номзоди маъқулланди
Жамият
−
26 Октябрь 2023
8085Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Иброҳим Абдураҳмонов номзодини Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига маъқуллади. Тегишли масала бугун, 26 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Мажлисда Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз Ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берган.
Шундан сўнг депутатлар Абдураҳмонов номзодини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига маъқуллаган.
Маълумот учун, Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йилда Наманган вилояти Чуст туманида туғилган бўлиб, 1992-1997 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган. 2001 йил АҚШдаги Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.
Абдураҳмонов фаолиятини 1997 йилдан Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида бошлаган, 2002-2017 йиллар мобайнида Фанлар академиясида турли вазифаларда ишлаб келган. У 2017 йил ноябрида янги ташкил этилган Инновацион ривожлантириш вазирлиги раҳбари этиб тайинланган. 2022 йил декабрида Президент фармони билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги қўшиб юборилди. Иброҳим Абдураҳмонов 2023 йил январидан ҳозирга қадар мазкур вазирликни бошқариб келган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 октябрь куни Қарши шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланиши маълум қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь