Қирол Чарльзга “Кўҳинур” олмосини қайтаришини айтаман – Мамдани

Олам

image

Нью-Йорк шаҳри мэри Зоҳран Мамдани қирол Чарльз III билан учрашув олдидан Буюк Британиядан қимматбаҳо “Коҳ-и Нур” олмосини қайтаришни таклиф қилишини билдирди. У бу ҳақда 11 сентябрь қурбонлари хотирасига бағишланган маросим олдидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтган.

105 каратли ушбу олмос Британия тож хазинасининг бир қисми ҳисобланади, бироқ унинг мулкчилиги Ҳиндистон томонидан баҳсли деб ҳисобланади. Ҳиндистон бу олмосни мустамлака даврида ўғирланган, деб даъво қилади.

“Агар мен қирол билан тадбирдан ташқари алоҳида гаплашсам, эҳтимол унга “Коҳ-и Нур” олмосини қайтаришни тавсия қилардим”, деган келиб чиқиши ҳинд илдизларига эга бўлган Мамдани.

Қирол Чарльз III ва қиролича Камилла жорий йилнинг 27 апрель куни бошланган АҚШга тўрт кунлик ташриф доирасида ушбу тадбирда иштирок этди. Кейинчалик Мамдани ва қирол Чарльз III маросимда учрашган, аммо у олмос мавзусини кўтарган-кўтармагани номаълум. Расмларда улар оммавий тадбирда қўл бериб кўришгани акс этган. Мамдани офиси ҳам Букингем саройи ҳам мулоқот тафсилотларини очиқламаган.

Ҳиндистон бир неча бор “Коҳ-и Нур”ни қайтаришни талаб қилган ва уни “миллий тарихга чуқур боғланган қимматли мерос” деб атаган. Кўплаб ҳиндлар эса бу олмос Британия мустамлакачилиги ва адолатсизлигининг рамзи деб ҳисоблайди. Британиянинг собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон 2013 йилда олмосни қайтариш “мақсадга мувофиқ эмас” деб айтган эди.

Маълумот ўрнида, “Коҳ-и Нур” (форс тилида “Нур тоғи” дегани) асрлар давомида турли ҳукмдорлар қўлидан ўтган. У мўғул шаҳзодалари, эронлик жангчилар, афғон ҳукмдорлари ва панжоблик махаражалар қўлида бўлган. Олмос дастлаб Ҳиндистондаги Голконда конларидан топилган ва 1849 йилда Англияга берилган пайтда 186 карат бўлган. Бу Британия ва сикхлар ўртасидаги урушдан кейинги шартнома доирасида амалга ошган. Ҳужжат 10 ёшли ҳукмдор Дулип Сингҳ томонидан имзоланган. 1851 йилда Лондонда бўлиб ўтган кўргазмада олмоснинг анъанавий шакли меҳмонларда катта таассурот қолдирмаган. Шунинг учун у қайта кесилиб, оваль шаклга келтирилган ва ялтироқлиги ошган, аммо вазнининг тахминан 40 фоизи йўқолган.

Ҳозирда 105 каратли, тухум ҳажмига тенг бу олмос қиролича Елизавета II тожида жойлашган. У 1937 йилда қирол Жорж VI тож кийиш маросимида ушбу тожни таққан. Кейинчалик у қизи қиролича Елизавета II тож кийиш маросимида ҳам ушбу тожни таққан. Баҳсли олмос қиролича Камилланинг тож кийиш маросимида ишлатилмаган. Айтилишича, бу Ҳиндистон билан дипломатик можаролар келиб чиқиши мумкинлиги билан боғлиқ бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирол Чарльз III нинг АҚШга ташриф буюргани ва Конгрессда нутқ сўзлагани ҳақида хабар берилган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қирол Чарльз Мамдани “Коҳ-и Нур”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг