Қирғизистонликлар олтин конларини эгаллаб оляпти

Олам

image

Қирғизистон пойтахти Бишкекда давом этаётган намойишлар фонида мамлакатдаги фуқаролар қимматбаҳо металл қазиб олинадиган конларни эгаллаб оляпти.

“Альянc Алтын” компаняси ўзига тегишли “Жеруй” олтин конига номаълум шахслар ҳужум қилгани учун кончиларни уйига тарқатиб, барча ишларни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда “Economist.kg” хабар берди.

“Номаълум шахсларнинг тақиқланган ҳудуд – “Жеруй” ишлаб чиқариш ҳудудига рухсатсиз кириши муносабати шундай қарор қабул қилинди”,деган компания вакили.

Нашрнинг қўшимча қилишича, конга талончилар кириб олган. Ижтимой тармоқларда эса корхона ҳудуди ёнаётгани акс этган видео тарқалган.

“Интерфакс” маълумотига кўра, “Жеруй” олтин кони таланган ва ёқиб юборилган.

Бундан ташқари, номаълум шахслар Қирғизистондаги 97 фоиз олтинни ишлаб чиқарувчи “Кыргызалтын” ОАЖ биносини эгаллаб олишга уринган.

ОАЖ вакилининг сўзларига кўра, Бишкек марказида жойлашган компания биносига 50 га яқин одам бостириб киришга уриняпти.

“Ходимлар давлат мулкини қўриқлаяпти. Жамоа бинода навбатчилик қиляпти, фақат эркаклар қолган, бизга дружинниклар ёрдамга келди, улар кўмаклашишяпти”, деган “Кыргызалтын” вакили.

Қора-Болтада “Кыргызалтын”га қарашли олтинни қайта ишловчи завод эгаллаб олинган. Қимматбаҳо металнинг хавфсизлиги юзасидан ҳеч бир маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

457

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг