Қирғизистонлик собиқ мансабдор давлатга 200 млн доллар тўлади

Олам

image

Қирғизистон Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов давлат бюджетига 200 миллион доллар тўлади. Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни республика парламенти йиғилишида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди.

Ташиевга кўра, ҳозирда Матраимовга нисбатан учта модда – “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш”, “Безорилик” ва “Жиноят йўли билан топилган даромадларни легаллаштириш” бўйича жиноий иш очилган.

“Текширув саккиз ой давом этди. Матраимов 200 миллион долларни бюджетга тўлади ва шундан сўнг у озод этилди. Бизнес билан шуғулланувчи депутатлар бу жуда катта пул эканини билади. 200 миллион доллар – бу 17 миллиард сомни ташкил этади. У илгари ҳам қарийб 2,5 миллиард сом тўлаган эди, жами 19,5 миллиард бўлди”, деди Ташиев.

Шунингдек, у Матраимов пулни нақд шаклда эмас, балки мулк кўринишида тўлаганини, аммо экспертлар унинг қийматини бозор нархидан паст баҳолаганини таъкидлаган.

“Масалан, пойтахтдаги Чингиз Айтматов проспектида Матраимовга тегишли 14 қаватли бизнес маркази бор эди. Бу бинони куч тузилмалари учун катта шифохонага айлантирамиз. Унинг қиймати 53 миллион долларга баҳоланган, биз уни 32 миллион долларга қабул қилдик. Ўш шаҳрида эса “Ихлос” компанияси катта шаҳарчани қураётган эди, бу ерда уй-жойлар ва бизнес марказлари бўлиши режалаштирилганди. Квадрат метрининг баҳоси 1,7 минг доллар бўлган, биз эса уни 1,2 минг долларга баҳоладик. Уларнинг барчасини давлат комиссиясига топширдик, кейинроқ бу мулкларни сотиб, пулни муомалага киритиш осонроқ бўлади”, деди Ташиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда Президент Садир Жапаров томонидан ишдан бўшатилган Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Қубан Адил ўғли уюшган жиноий гуруҳни молиялаштиришда айбланиб, ҳибсга олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон мансабдор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг