Қирғизистондаги митинглар. Президент ким ҳақлигини аниқлашни буюрди
Олам
−
02 Декабрь 2023
15899Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бозорлардаги норозиликлар бўйича ишчи комиссия тузиб, текширув ўтказишни буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди.
Унинг айтишича, комиссия хулосаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори тўғрими ёки бозордаги савдогарларнинг талаби ўринлими, шунга аниқлик киритади. Натижалар комиссия иши якунланганидан сўнг эълон қилинади.
“Хабарингиз бор, Садир Жапаров йилига товар айланмаси 8 миллион сомдан ошмайдиганлар бир тийин ҳам тўламайди, деган. Бу тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаганларга ҳам, пули кам бўлганларга ҳам оёққа туриш имконини берувчи сиёсат. Менинг савдом 8 миллиондан ошмайди, деган савдогарларнинг айланмаси ҳозир 50-100 миллион сомдан ошиб кетгани маълум бўлди. Ҳақиқатан ҳам қандайлигини аниқлаш учун кассадан фойдаланиш керак”, дейди Аскат Алагозов.
Маълумот учун, 2024 йил 1 январдан Қирғизистонда савдо фаолияти учун патент бекор қилинади. “Дордой” ва “Қорасув” бозорлари алоҳида солиқ режимига ўтмоқда. Унда мазкур бозорларда назорат-касса машиналари қўлланилмаслиги, солиқ миқдори товар айланмасига боғлиқ бўлиши белгилаб қўйилган. Бундай ҳолда, савдо фақат бозор ичида мумкин бўлади.
Маҳаллий бозор савдогарлари эса солиқ тўловларини ўзгартиришга қарши. Улар расмийлардан патент бўйича ишлашни давом эттиришга рухсат беришларини сўрамоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 30 ноябрь куни мамлакат пойтахтидаги “Дордой” бозори ва Ўш вилоятидаги “Қорасув” бозорида митинг бўлиб ўтди. Кеча, 1 декабрда Бишкекдаги “Оламедин” бозорида ишлаётган тадбиркорлар, шунингдек, “Орто-Сай” ва “Мадина” бозорлари ишчилари митинг ўтказди. Бозорларда назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишга қарши митинглар нафақат Бишкекда, балки Ўш, Талас ва Қоракўл шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон Президенти Администрациясида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров раислигида масъул давлат органларининг савдо тузилмалари, йирик бозорлар вакиллари ва мулкдорлари, касаба уюшма ташкилотлари ҳамда савдо ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтганди. Унда Оқилбек Жапаров информацион фаолият йўқлиги сабабли жамиятда солиқ режими ишидаги ўзгаришлар ҳақида нотўғри тушунча шаклланганини айтганди. У айрим кучлар маълумот етишмаслигидан фойдаланиб, савдогарларни “силкитишга” ҳаракат қилаётганини таъкидлаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь