Қирғизистонда яна бир депутатнинг “Салимбойвачча” билан алоқаси аниқланди (видео)
Олам
−
04 Сентябрь
6815Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида Сузоқ туманида яшовчи фуқаро – қишлоқ фуқаролар йиғинининг собиқ депутати билан уюшган жиноий гуруҳ алоқаси борлиги юзасидан суҳбат ўтказилди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 1984 йилда туғилган У.Ш. билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уюшган жиноий гуруҳ мафкурасидан воз кечиш мажбурияти олинган. Аввалроқ унинг ижтимоий тармоқларда “Салимбойвачча” номи билан танилган ўзбекистонлик криминал авторитет – Салим Абдувалиев билан тушган сурати пайдо бўлган эди.
Тушунтириш ишларидан сўнг У.Ш. жиноий алоқадан воз кечган ва Қирғизистон Республикасининг режалаштирилган сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг қайд этишича, У.Ш. авваллари Сузоқ қишлоқ кенгаши депутати бўлган ва 2023 йил декабрь ойида Сузоқ қишлоқ ҳокимияти биносига ер билан фирибгарликка алоқадорлиги ҳақидаги далилларни қисмларга ажратиб йўқ қилиш мақсадида қасддан ўт қўйгани учун 100 минг қирғиз сўми миқдорида жаримага тортилган. Шу билан бирга, У.Ш. ёниб кетган бинони таъмирлаш учун ажратилган 6 миллион қирғиз сўми миқдоридаги зарарни қоплаган.
Маълумот учун, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевни қидирувга берган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг йирик тадбиркорларидан бири Салим Қирғизбоевич Абдувалиев томонидан “Биродарлар давраси” халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирган Қамчибек Асанбек (“Коля Қирғиз”) уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштириш фактлари аниқланган. Йиғилган материаллар асосида Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарори билан Салимбой Абдувалиевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ва у ҳам давлатлараро, ҳам Интерпол Миллий марказий бюроси орқали қидирувга берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштириш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида Қирғизистон Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Нургази Адираевич Айдаров қидирувга берилганди. Айдаров халқаро уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари, жумладан, “Салимбойвачча”нинг фаолиятини молиялаштириш билан шуғулланган. Шунингдек, Қирғизистоннинг Қизил-Қия шаҳрида Салим Абдувалиев тарафдори бўлган яна шахс қўлга олинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь