Қирғизистонда Ташиев ортидан учта вазир ҳам ишдан олинди

Олам

image

Бугун, 16 февраль куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида қатор кадрлар ўзгариши амалга оширилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Транспорт ва коммуникация вазири Абсаттар Сирғабоев, Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Медер Машиев ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикeев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шу билан бирга, бўшаган лавозимларга вақтинчалик раҳбарлар тайинланган. Жумладан, Транспорт ва коммуникация вазири вазифасини вақтинча бажариш Талантбек Солтобаев зиммасига юклатилган. Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири вазифасини бажарувчи этиб Ақил Токтобаев тайинланган. Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини эса вақтинча Урматбек Шамирканов бажариши белгиланган.

Қайд этилишича, мазкур номзодлар Қирғизистон парламенти – Жогорку Кенеш кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун тақдим этилган. Амалдаги тартибга мувофиқ, парламент томонидан тасдиқланганидан сўнг улар тегишли равишда вазир лавозимига расман тайинланади.

Ҳозирча ушбу қарорлар қайси сабабларга кўра қабул қилингани расман очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жапаров Бош прокуратурани ҳам “тозалашни” бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Ташиев истеъфоси

Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади.

Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади. 

2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Вазирлар Маҳкамаси Жогорку Кенеш Қирғизистон Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг