Қирғизистонда ОАВнинг болалар учун зарарли контент тарқатиши тақиқланди
Олам
−
16 Август 2023
1797Қирғизистон Президенти Садир Жапаров оммавий ахборот воситаларида болалар саломатлиги ёки ривожланишига зарар етказувчи контентни чоп этиш ва тарқатишни тақиқловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қонун хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда болалар ва ўсмирларнинг маънавий, жисмоний, психологик ва ижтимоий саломатлигини мустаҳкамлаш учун қабул қилинган.
“Болаларга зарар етказувчи контентни тарқатганлик учун айбдорлар, агар қилмишлари жиноий жавобгарликка тортилмаса, Ҳуқуқбузарлик кодексида белгиланган тартибда жазоланади”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Айтилишича, қонун боланинг ёки бошқаларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи, тақиқланган моддалар, алкоголли ва энергетик ичимликлар истеъмол қилиш истагини уйғотадиган, шунингдек, ноанъанавий жинсий алоқаларни рағбатлантирувчи ҳаракатларга сабаб бўлиши мумкин бўлган контентга нисбатан қўлланилади. Бундан ташқари, порнографик материаллар, беҳаё сўзлар ёки ноқонуний хатти-ҳаракатларни оқловчи материалларни тарқатиш қатъий тақиқланади.
“Давлат болаларнинг ҳар томонлама маънавий-ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши учун шароит яратиш орқали уларни ватанпарварлик ва фуқаролик руҳида тарбиялайди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
LiveБарчаси