Қирғизистонда ИШИД тарафдори қўлга олинди
Олам
−
17 Июль 3977 2 дақиқа
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти мафкураси тарафдорини қўлга олди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Разведка хизмати маълумотларига кўра, интернетдаги радикал диний тарғиботчилар (Саид Бурятский, Абу Умар Саситлинский, Абдулла Костецкий) таъсири остида бўлган бишкеклик 22 ёшли К.Д. радикал жиҳодчилик мафкурасига қизиқа бошлаган.
Кейинчалик у Қирғизистонда тақиқланган ИШИД террорчилик ташкилоти мафкурасини қўллаб-қувватлай бошлаган ва ИШИД сафига қўшилиш учун Сурияга бориш ниятида байъат тўғрисида бир нечта видеомурожаатлар тайёрлаган.
Қўлга олинган шахс сохта аккаунтлардан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда ИШИД мафкурасини тарғиб қилувчи материаллар, шунингдек, терроризмни омма олдида оқлаш белгилари ва террорчилик фаолиятига чақирувлар акс этган видеолавҳаларни мунтазам равишда тарқатган. Жиноят иши доирасида К.Д. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилиб, тезкор-тергов тадбирлари олиб борилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терроризмни тарғиб қилиш сўз эркинлиги эмас, балки жиноят эканини таъкидлаган.
“Аслида, адолат ва иймон ҳақидаги чиройли сўзлар, иқтибослар ортида хавфли ғоялар яширинган. Террорчи ташкилотларнинг мафкурачилари томонидан зўравонликни тарғиб қилиш, ёллаш, улуғлаш, жиҳодга даъват қилиш ҳақиқий эътиқод сифатида кўрсатилмоқда. Кўпинча бундай материаллар интернет (Telegram, Instagram, Tik-Tok, YouTube, Facebook) орқали тарқатилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Миллий разведка ташкилоти ҳамда Покистон разведка хизмати томонидан Покистон-Афғонистон чегарасида олиб борилган қўшма махсус операция натижасида халқаро террор ташкилоти – ИШИДнинг юқори лавозимли турк вакили Абу Ясир ал-Туркий номи билан танилган Ўзгур Альтун қўлга олинганди.
Live
Барчаси