Қирғизистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Чегарадан 136 минг киши кўчирилди
Олам
−
17 Сентябрь 2022
10388Бугун, 17 сентябрь куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят фуқаро муҳофазаси бўлими бошлиғи, Президент вакили Абдикарим Алимбоев топшириқ берди.
Бу фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ўлимнинг олдини олиш ва кучларни сафарбар қилиш учун зарурлиги таъкидланган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон ҳукумати Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувлар зонасидан 136 мингга яқин республика фуқаросини хавфсиз жойларга эвакуация қилган.
Агентлик маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб хавфсиз ҳудудларда кўчирилганлар учун жойлаштириш марказлари очилмоқда. Озиқ-овқат, кийим-кечак ва кўрпа-тўшак каби зарурий нарсалар бу жойларга етказиляпти.
Қирғизистон томонининг ишонтиришича, кеча, 16 сентябрь куни эрталаб Тожикистон Қирғизистон чегара отрядларини Эки-Тош, Чир-Добо, Қум-Мозор, Кулунду, Мақсат, Жани-Жер ва Орто-Бўз ҳудудларида, шунингдек, “Самарқандек” чегана қўриқлаш пунктини ўққа тута бошлаган. Ялпи реактив ҳужум тизимидан Боткен вилояти маркази ва унинг аэропортига зарба берилган. Бишкек 59 нафар тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчи яраланганини даъво қилмоқда. Куннинг иккинчи ярмида томонлар ўт очишни тўхтатиш, куч ва техникани олиб чиқиш бўйича келишиб олган, бироқ айрим ҳудудларда отишмалар давом этмоқда.
Тожикистон томони эса отишмалар бўйича расмий маълумотларни камдан кам эълон қиляпти. Расмий Душанбега кўра, Қирғизистон чегарадаги тожик аҳоли пунктларига дрондан ҳужум уюштирмоқда.
Маълумот учун, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашди. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари шу куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.
Тожикистон томони ҳам ўз навбатида чегарадаги кескинликда Қирғизистонни айблаб, қирғиз ҳарбийлари аввал эришилган сулҳни бузганини айтмоқда.
16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган икки давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон учрашув ўтказиб, чегара масаласида келишиб олганди.
LiveБарчаси