Ўзбекистон яқинида динозавр қолдиқлари топилди
Бу қизиқ
−
22 Август
12492Қирғизистонлик олимлар Мюнхендаги Палеонтология музейи олимлари билан биргаликда Тошкўмир шаҳри яқинидаги тоғли чўл ҳудудида йиртқич теропод динозаврларининг қолдиқларини топди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Жониворга “Alpkarakush kyrgyzicus” номи берилган. Тадқиқот Zoological Journal of the Linnean Society (ZJLS) илмий журналида чоп этилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу Қирғизистон ҳудудидан топилган биринчи теропод динозаврига айланди.
Палеонтологларнинг таъкидлашича, “Alpkarakush kyrgyzicus” қирғиз қаҳрамонлик эпоси “Манас”даги улкан мифологик қуш Алпқорақуш шарафига номланган. Тур “metriakantosauridae” деб таснифланган. Метриакантозаврлар ва тероподларнинг бошқа гуруҳлари Жануби-Шарқий Осиёда вужудга келган ва кейинчалик Марказий Осиё ҳамда Европа орқали бошқа қитъаларга тарқалган.
Қолдиқлар тахминан 165 миллион йил аввал Ўрта юра даврида ҳосил бўлган Балбансой қатламлари чўкиндиларида (форма жинс қатламлари тўплами) топилган. Суякларни ўрганиш шуни кўрсатдики, динозавр узунлиги тахминан 9 метрга тенг.
Аниқланишича, динозаврнинг бош суягида кўз бўшлиғи устидаги катта суяк ўсимталари бўлган.
Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойида Бразилияда энг қадимги динозаврлардан бирининг суяклари топилган эди. Унинг ёши 233 миллион йил деб баҳоланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь ойида ҳиндистонлик палеонтологлар ўсимликлар билан озиқланадиган 66 миллион йил аввал яшаган катта динозавр – титанозаврларга тегишли 92 та уядан 256 та тошга айланган тухумларни топишганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь