Ер юзидаги барча оммавий қирилишлар бир хил тарзда содир бўлган – тадқиқот

Бу қизиқ

image

Ер тарихидаги энг йирик оммавий қирилиб кетишлар, жумладан, динозаврларни йўқ қилган ҳалокат ҳам битта умумий сабабга эга бўлиши мумкин: атроф-муҳит тирик организмлар унга мослашишга улгуришидан кўра тезроқ ўзгарган. Массачусетс технология институти ва Лестер университети олимлари шундай хулосага келишди. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “Physical Review Letters” (PRL) журналида эълон қилинди.

Қайд этилишича, тадқиқотчилар математик модел ишлаб чиққан ва сўнгги 450 миллион йил ичида атроф-муҳит ўзгариши тезлигини ҳайвонларнинг эволюцион мослашиш тезлиги билан солиштирган. Бунинг учун улар сайёрада углерод циклининг (атмосфера, океанлар, тупроқ ва тирик организмлар ўртасидаги глобал углерод алмашинуви тизими) йирик бузилишлари юз берган 27 та даврни таҳлил қилган.

Маълум бўлишича, қирилиб кетиш кўлами деярли ҳамиша “тезликларнинг номутаносиблиги” даражасига боғлиқ бўлган. Иқлим, океанларнинг кимёвий таркиби ёки бошқа шароитлар жуда тез ўзгарганда, турларнинг сезиларли қисми янги хусусиятларни шакллантиришга улгурмаган ва йўқ бўлиб кетган.

Муҳит ўзгариши тезлиги ва тирик организмларнинг мослашиш қобилияти ўртасидаги фарқ қанчалик катта бўлса, қирилиб кетиш кўлами ҳам шунчалик улкан бўлиб чиққан.

Ушбу қонуният Ер тарихидаги энг йирик биологик ҳалокат – бундан тахминан 252 миллион йил аввал содир бўлган Пермь давридаги қирилиб кетишни ҳам яхши тушунтириб беради. Ўшанда денгиз турларининг 80 фоиздан ортиғи йўқ бўлиб кетган. Моделга кўра, бунга океан кимёвий таркибининг тез суръатларда қайта қурилиши сабаб бўлган ва организмлар унга шунчаки мослашишга улгуришмаган.

Муаллифларнинг билдиришича, кўплаб ҳайвонлар гуруҳларида мослашиш тезлиги муайян оралиқда бўлиб, у эҳтимол миллионлаб йиллар давомида атроф-муҳитнинг табиий ўзгаришлари таъсирида шаклланган. Бироқ агар ўзгаришлар суръати ушбу чегаралардан чиқиб кетса, мослашиш механизмлари бузила бошлайди.

Тадқиқотчилар уларнинг иши янги оммавий қирилиб кетишни тўғридан тўғри прогноз қилиш имконини бермаслигини айтиб ўтган. Шундай бўлса-да, бугунги кунда углерод циклининг бузилиш тезлиги ўтмишда сайёрадаги энг йирик биологик инқирозлар билан бирга кечган кўрсаткичларга аллақачон яқинлашмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг