Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари келишиб олди. Энди отишма бўлмайдими? 

Олам

image

Сўнгги бир ярим йил ичида Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасининг 102 километрлик лойиҳа чизиғини келишиб олди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизмати хабар берди.

Айтилишича, бугун, 2 июнь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чўлпонотада бўлиб ўтаётган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити доирасида тожикистонлик мавқедоши Имомали Раҳмон билан учрашган. Етакчилар Қирғизистон-Тожикистон икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари ва истиқболларини, минтақавий ва халқаро кун тартибининг устувор йўналишларини муҳокама қилган.

Музокаралар чоғида Қирғизистон ва Тожикистон орасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланишича, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 950 километрдан ортиқ эканлиги аниқланган. Ҳозирда томонлар 626 километрга яқин лойиҳа тавсифини якунлаган.

Давлат раҳбарлари сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги давлат чегараси лойиҳа чизиғини келишишда эришилган натижалардан мамнун эканини билдирган.

Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон музокараларни самарали давом эттириш, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ўзаро мақбул ечимларни излашга чақирган.

Давлат раҳбарлари икки давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини сақлаб қолиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаган ва юзага келаётган барча муаммоларни фақат сиёсий ва дипломатик усуллар билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 километрни ташкил этади. 2002 йил декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда. Чегара чизиғининг қолган қисми эса баҳсли ҳисобланади. Ушбу муаммонинг ҳал бўлмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида бир неча бор ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ низоларга сабаб бўлган. Уларнинг охиргиси 2022 йил кузида содир бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида II “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Бош вазири ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель иштирок этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Қирғизистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг