Қирғизистон Покистондаги “ОАВнинг танобини тортиб қўйишни” сўради

Олам

image

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Покистоннинг Қирғизистондаги элчиси Ҳасан Али Зайгам билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди. 

Покистон томонига чет эл фуқаролари билан боғлиқ ҳодиса ҳамда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилган. 

Қирғизистон томони Покистон томонига ҳам Покистон оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида ҳодиса юзасидан ёлғон маълумотлар тарқатилмаслиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб боришни сўраб мурожаат қилган. 

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Покистон элчисини вазият Қирғизистон ваколатли органлари назоратида эканлигига ишонтирган. 

Гап шундаки, бироз аввал Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси 17 майдан 18 майга ўтар кечаси пойтахт Бишкекда хорижлик фуқароларга нисбатан бўлиб ўтган митинг бўйича баёнот билан чиқиб, воқеа хорижий матбуотда бўрттирилиб ёритилаётганидан шикоят қилган эди

Эслатиб ўтамиз, 17 майдан 18 майга ўтар кечаси пойтахт Бишкекда мингдан ортиқ одам иштирокида митинг бўлиб ўтди. Унга 13 майдаги муштлашув сабаб бўлган. Ўша куни кечқурун Будённий ётоқхонасида маҳаллий ва хорижлик фуқаролар ўртасида муштлашув келиб чиққан. Полиция Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатган ва жанжалнинг барча иштирокчилари ички ишлар бўлимига олиб кетилган. 

17 май куни кечаси содир бўлган тартибсизликлардан сўнг 29 киши тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Полиция маълумотларига кўра, тўрт нафар хорижлик, жумладан, уч нафар Миср фуқароси қўлга олинган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев митинг иштирокчиларининг талабларини қўллаб-қувватлаб, республика қонунчилигини бузаётган хорижликларга нисбатан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан керакли ишлар олиб борилаётгани, асосан Покистон ва Бангладеш фуқаролари ҳуқуқбузарлик содир этаётганини айтди.

Бишкекдаги воқеалар ортидан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф хавотир билдирди. 

“Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридаги покистонлик талабалар билан боғлиқ вазиятдан чуқур ташвишдамиз. Мен Покистон элчисига барча зарур ёрдамни кўрсатишни буюрдим. Менинг идорам ҳам элчихона билан алоқада ва вазиятни доимий равишда кузатиб боради”, деб ёзади у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Покистон Бишкек Митинг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг