Қирғизистон Хавфсизлик кенгашига котиб тайинланди
Олам
−
16:54 1861 4 дақиқа
Бугун, 12 февраль куни Адилет Ўрозбеков Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланди. Тегишли фармонни Президент Садир Жапаров имзолади. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Маълумот учун, Адилет Ўрозбеков 1978 йилда туғилган. У Қирғизистон халқаро университетини “Дипломатия ва халқаро ҳуқуқ” мутахассислиги бўйича тамомлаган, шунингдек Россия Федерал хавфсизлик хизмати академиясида таҳсил олган. Қирғиз, рус ва инглиз тилларини билади. Ҳарбий унвони – полковник.
У меҳнат фаолиятини 2001 йилда миллий хавфсизлик органларида тезкор вакил сифатида бошлаган ва 2017 йилга қадар турли, жумладан, раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2007–2009 йилларда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати конституциявий тузумни ҳимоя қилиш бошқармаси бўлим бошлиғининг ўринбосари, 2009–2010 йилларда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари – халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи, 2012–2017 йилларда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Антитеррор маркази бош эксперти, 2017 йилдан Ташқи ишлар вазирлигида, ШҲТ ишлари бўйича миллий координатор аппаратида ишлаган.
Шунингдек, 2017–2019 йилларда Пекинда жойлашган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибияти референти, 2023–2024 йилларда Қирғизистон Президенти маъмурияти Ситуацион маркази эксперти, 2025 йил декабрдан ҳозирга қадар Президент маъмуриятида Президент ва Вазирлар кабинети қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармасининг мудофаа, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик бўлими давлат инспектори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли ўз ваколатларини топширгани ва Марлен Маматалиев унинг ўрнига спикери этиб сайлангани ҳақида хабар берилган эди. Қайд этиш жоиз, мазкур ўзгаришлар мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев лавозимидан озод қилиниши фонида бўлмоқда.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси