Қирғизистон байроғини ўзгартиришда бир қадам олға силжиди

Олам

image

Қирғизистон парламенти қўмитаси мамлакат давлат байроғи дизайнини ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда мамлакат олий қонун чиқарувчи органи матбуот хизмати хабар берди.

“Олий Кенгашнинг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва регламенти қўмитаси бугун, 28 ноябрь куни “Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди ва маъқуллади”, дейилади хабарда.

Мазкур қонун лойиҳасида давлат байроғи дизайнини қисман ўзгартириш назарда тутилган. Хусусан, ундаги нурларнинг шаклини “тўлқинсимон шаклдан қуёш нурларини аниқ эслатувчи шаклга” ўзгартириш таклиф қилинмоқда.

“Қирғизистон Республикаси байроғидаги қуёш нурларининг янги эскизини ишлаб чиқиш учун дастлабки босқичда ушбу байроқни тайёрловчи муаллифлар жалб қилинган бўлиб, улар математик ҳисоб-китоблар, чизмалар ва тегишли ишларни амалга оширган”, дейилади хабарда.

Аниқлик киритилишича, қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида айрим депутатлар мазкур масала бўйича референдум ўтказиш ташаббуси билан чиққан. Бироқ ўзгартиришлар ташаббускори Улан Примов 32 йил аввал байроқ референдумда эмас, парламент томонидан тасдиқланганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон давлат байроғини ўзгартириш ташаббускорлари парламент спикери Нурланбек Шакиев ва депутат Улан Примов бўлганди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон давлат байроғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг