Қирғизистон 10 йил аввал инқилоблардан сўнг воз кечилган бошқарув шаклига қайтиши мумкин

Олам 7674
image

Қирғизистонда бошқарувнинг президентлик шаклига ўтишни назарда тутувчи янги Конституция лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Лойиҳани мамлакат парламенти Жўқорғу Кенеш тайёрлаган. Бу ҳақда паралмент сайтида хабар берилди.

Конституциянинг янги лойиҳасини 120 та депутатдан 84 нафари қўллаб-қувватлаган.

Конститиуцияга киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан 2021 йил 10 январда референдум ўтказиш таклиф қилиняпти.

Конституцияни ўзгартириш учун асос сифатида депутатлар амалдаги парламент бошқарув тизимининг самарасизлиги ва ҳисобдорлик механизмларининг етарли емаслигини кўрсатилган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Асосий қонуннинг таклиф қилинаётган лойиҳасида баъзи бандлар мамлакатдаги сўз ва ОАВ эркинлигига зид эканини таъкидлаган.

Янги Конституцияда янги давлат идораси Халқ Қурултойини тузиш кўзда тутилган.

Халқ Қурултойи давлат раҳбари, парламент, давлат идоралари, маҳаллий ҳокимият ва уларнинг мансабдор шахслари билан мувофиқликда ишлаш ваколатига эга бўлади.

Парламентдаги депутатлик ўринлари 120 тадан 90 тага қисқартирилади. Бир одам кўпи билан икки марта 5 йиллик муддатга Президент этиб сайланиши мумкин бўлади.

Янги Конституция лойиҳасида давлат бошлиғига кенг ваколатлар берилган. Президент суд, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органларининг мансабдорларини тайинлаши ва қонун лойиҳасини парламентга тақдим этиш имкониятига эга бўлади.

Давлат раҳбари президент маъмуриятидан бошқариладиган ҳукумат дастурининг тузилишини белгилайди. Президент, шунингдек, Ҳукумат йиғилишларида раислик қилиши мумкин бўлади.

Амалдаги Конституцион палата Олий суд таркибидан чиқарилади ва Конституцион суд сифатида фаолият олиб боради.

Бундан буён Конституцияга тузатиш парламентда мутлақ кўпчиликнинг ёки камида 300 минг сайловчи ташаббуси билан қонун чиқарувчи органда қабул қилинади.

Маълумот учун, 1991-2010 йиларда Қирғизистонда бошқарувнинг президентлик шакли амал қилган. Аммо иккита халқ инқилобидан кейин 2010 йилда мамлакатда конституцион ислоҳот ўтказилиб, бошқарувнинг парламент тизими танланган.

4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилди. Аммо одамлар унинг натижасидан норози бўлиб, намойиш уюштирди, мамлакатда тартибсизлик ва талончилик авж олди.

Намойишлар оқибатида мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов ва Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.

Талотўплар вақтида қамоқдан чиқарилган Садир Жапаров тез орада Бош вазир этиб тайинланди ва кейинроқ Президент ваколатларини бажариш ҳам вақтинча унга ўтди. Бироқ у президентлик сайловларида қатнашиш учун барча лавозимларни тарк этди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 194
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×