Қирғиз-тожик можароси: Жапаров асосий иккита вазифани белгилади

Олам 15151
image
-

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров аҳолиинг хавфсизлигини ва мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш чораларини кўришни буюрди. Бу ҳақда Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов маълум қилди.

Жапаров Хавфсизлик кенгашида чегарадаги вазият бўйича ҳисоботни тинглаб, мамлакат яхлитлигини таъминлашга кўрсатма берган ва вазиятни назоратга олган.

“Тожикистон томонидан ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бор, улар ҳақида маълумотлар аниқланмоқда. Бугун (кеча, 16 сентбярь) мен тожикистонлик ҳамкасбим билан боғланиб, музокаралар ўтказиш ва қўшинларни олиб чиқишга чақирдим. Унинг айтишича, улар шундай буйруқ берган, аммо чегарадаги Тожикистон қўшинлари барибир эшитмаган, аксинча, ўқ узишни кучайтирган”, дейди у.

Имонқуловнинг қўшимча қилишича, фуқароларни эвакуация қилишга мажбур бўлишган, чунки икки давлат махсус хизматлари раҳбарлари ўртасида соат 16:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув Тожикистон томонидан бузилган.

Хавфсизлик кенгаши котиби фуқароларни провокацион хабарларга берилмасликка ва расмийлардан расмий маълумот олишга чақирган. У, шунингдек, ваҳима қилмаслик ва инсонпарварлик ёрдамини йиғишда ёрдам беришни сўраган.

Тожикистон томони эса отишмалар бўйича расмий маълумотларни камдан кам эълон қиляпти. Расмий Душанбега кўра, Қирғизистон чегарадаги тожик аҳоли пунктларига дрондан ҳужум уюштирмоқда.

Маълумот учун, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашди. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари шу куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.

Тожикистон томони ҳам ўз навбатида чегарадаги кескинликда Қирғизистонни айблаб, қирғиз ҳарбийлари аввал эришилган сулҳни бузганини айтмоқда. Умумий ҳисобда 14 сентябрдан бери томонлар уч марта ўт очишни тўхтатишга келишди. Аммо келишувлар узоқ яшамади.

16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган икки давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон учрашув ўтказиб, чегара масаласида келишиб олганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 287
Рейтинг: 3
t
×