Қатар Исроилнинг зарбаларини “қўрқоқона” деб атади
Олам
−
09 Сентябрь 10259 2 дақиқа
Исроил армияси (ЦАХАЛ) Доҳада ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоларига уюштирилган ҳужум учун масъул. Бу ҳақда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Унинг сўзларига кўра, Қатар ҳукумати Доҳадаги тураржой биноларига, “ҲАМАС сиёсий бюросининг бир нечта аъзолари яшаган жойларга” қилинган Исроилнинг “қўрқоқона” зарбаларини қоралайди. Дипломат буни барча халқаро қонун ва меъёрларни бузиш деб атади.
“Зарба Қатар фуқаролари ва резидентларининг хавфсизлиги ва дахлсизлигига жиддий таҳдид туғдиради”, деб ёзди ал-Ансорий.
“Al Arabia” нашри ҲАМАСдаги манбасига таяниб хабар беришича, Исроил зарбаси оқибатида ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Холид Машъал, гуруҳнинг Ғазо секторидаги етакчиси Ҳалил ал-Ҳайя ҳамда ҳаракат аъзоси Зоҳир Жабборин ҳалок бўлган.
Исроил армияси (ЦАХАЛ) ва Умумий хавфсизлик хизмати (ШАБАК) ҲАМАС олий раҳбариятига зарба берилганини тасдиқлаган. Уларнинг қўшма баёнотида “юқори аниқликдаги ўқ-дорилар” ва “қўшимча разведка маълумотлари” қўллангани, бу орқали тинч аҳолига зарар етказиш камайтирилгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Доҳа шаҳридаги тураржой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралашини билдириб, аёнот билан чиққанди. Вазирлик бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланишини қайд этган.
Шунингдек, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Исроил ҳукумати томонидан Қатар пойтахти Доҳада амалга оширилган ҳарбий ҳаракатни қоралашини билдириб, баёнот билан чиққанди. Тўқаев бу ҳаракатлар қандай мақсадларда амалга оширилганидан қатъи назар, улар қатъиян йўл қўйиб бўлмайдиган иш эканини қайд этди.