Ўзбекистон Исроилнинг Қатарга ҳужумини қоралади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Исроилнинг Доҳа шаҳридаги тураржой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралайди ва буни Қатар Давлати суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқди.

“Бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланади”, дейилади баёнотда.

Билдирилишича, Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига ва Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада кескинлаштирадиган қадамларга изчил равишда қарши.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҲАМАС раҳбариятини йўқ қилиш учун Қатар пойтахти Доҳага зарба бергани хабар қилинган эди. “Axios” мухбири Барак Равид эса исроиллик расмийларга таяниб, Доҳадаги портлаш ҲАМАС амалдорларига суиқасд эканини маълум қилган.

“Reuters” манбаларидан бирига кўра, Вэст-Бей туманидаги “Alfardan Towers” осмонўпар биносида портлашлар эшитилган.

Яна бир гувоҳ Доҳа марказидаги Ал-Садд туманида жойлашган Ҳамад бош шифохонаси яқинида бўлганида тахминан тўртта портлаш эшитганини айтган.
Исроил ҳарбийлари Қатар пойтахти Доҳада кузатилган ва эшитилган портлашлар ҲАМАС раҳбарияти аъзолари ва Фаластиннинг юқори мартабали амалдорларига қарши суиқасд уринишининг оқибати эканини билдирган.

Қайд этилишича, ҳужумдан аввал “нишонга алоқаси бўлмаган одамларга зарар етишини камайтириш учун аниқ зарба берувчи қуроллар ва қўшимча разведка маълумотларидан фойдаланиш” чораси кўрилган.

Ушбу хабарлардан сўнг дарҳол Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Исроил ҳукумати томонидан Қатар пойтахти Доҳада амалга оширилган ҳарбий ҳаракатни қоралашини билдириб, баёнот билан чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Доҳа Қатар Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг