Қатар Афғонистондаги вазиятдан хавотир билдирди
Олам
−
26 Декабрь 2022
5116Қатар Афғонистон муваққат ҳукуматининг айрим ходимларнинг исломий кийиниш қоидаларига риоя қилмаслиги баҳонасида аёлларнинг маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар (НТТ)да ишлашини тақиқлаш тўғрисидаги қароридан қаттиқ хавотирда. Бу ҳақда араб давлати Ташқи ишлар вазирлигининг кеча, 25 декабрь куни кечқурун эълон қилинган баёнотида айтилади.
“Биз хотин-қизларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлаймиз, чунки ишни эркин танлаш ва унга эркин розилик тамойили дунёнинг барча давлатлари содиқ бўлган халқаро шартномаларда эътироф этилган”, дейилади ТИВ хабарида.
Қатар “Толибон” томонидан тузилган муваққат аёлларнинг ташкилотларда турли лавозимларга кириши ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақиради. Бу эса афғон халқи учун инсонпарварлик ёрдамини самарали тақсимлаш ва етказиб беришга ёрдам беради.
Аввалроқ, Афғонистон муваққат ҳукуматидаги Иқтисодиёт вазирлиги барча миллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларга кейинги огоҳлантиришгача аёлларни ишдан четлаштиришни буюрган эди. Шунингдек, агентлик ушбу талабга риоя қилмаган тузилмаларнинг лицензиясини қайтариб олиши ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилди. Бунинг ортидан АҚШ маъмурияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистондаги олий ўқув юртларида қизларнинг ўқиши тўхтатилгани муносабати билан “Толибон” ҳаракатига қарши чора кўришни режалаштираётгани маълум қилинди.
"Толибон"га кўра, бундай қарорга “[университет] ётоқхоналарида аёлларнинг бўлиши ва уларнинг вилоятлардан [ўқиш учун] эркаклар ҳамроҳлигисиз келиши, талаба қизларнинг ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмаслиги, эркак ва аёлнинг биргаликда ўқиши, баъзи факультетларда қизларнинг ўқитилиши ислом қонунларига зид ва афғонларнинг ғурурига путур етказиши сабаб бўлган.
LiveБарчаси