Қашшоқликдан президентликгача: Мурму қасамёд қилди

Олам 10465
image

Ҳиндистоннинг янги сайланган раҳбари – мамлакат тарихидаги иккинчи аёл президент Драупади Мурму бугун, 25 июль куни қасамёд қилди ва расман Ҳиндистоннинг 15-президенти бўлди.  Ҳиндистон телеканаллари томонидан жонли эфирда намойиш этилган маросим Ню-Деҳлидаги мамлакат парламентининг марказий залида бўлиб ўтди. 

"Мустақилликнинг 75 йиллиги муносабати билан бу лавозимни эгаллаш бахтига муяссар бўлдим. Озодлик учун курашувчиларимиз мустақил Ҳиндистон фуқароларига билдирган умидларни оқлаш учун саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришимиз керак", дейди Мурму ўзининг қасамёд қилгандан кейинги биринчи нутқида.

Мурму (1958 йил 20 июнда туғилган) – Жаркханд штатининг собиқ губернатори. У шарқий Одиша штатидаги Сантал қабиласи (Мунда халқининг энг катта қабиласи)дан келиб чиққан бўлиб, рўйхатга олинган қабилаларга (тарихий равишда ижтимоий қуйи табақалар ва паст касталарга тегишли) тегишли. Мурму Ҳиндистоннинг иккинчи аёл президенти (биринчиси Пратибҳа Патил, 2007-2012) ва биринчи президент – рўйхатга олинган қабилалардан бўлган. Бундан ташқари, у Ҳиндистоннинг "эркин мамлакатда", яъни ўша давлат 1947 йилда инглизлардан мустақилликка эришганидан кейин туғилган биринчи президенти бўлди.

“Демократиямизнинг кучли томони шундаки, қашшоқ оиланинг олис қабила ҳудудида туғилган қизи Ҳиндистондаги энг юқори конституциявий лавозимга етиб бориши мумкин. Асрлар давомида тараққиёт неъматларидан маҳрум бўлганлар, камбағаллар, далитлар (тегиб бўлмайдиганлар – Ҳиндистоннинг каста иерархиясида энг паст ўринни эгаллаган бир қатор касталарнинг умумий номи – таҳр), қабила халқлари менда ўз аксини кўриши мен учун катта қувонч”, дейди Мурму ўз нутқида. 

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда президентлик сайлови жорий йилнинг 18 июль куни бўлиб ўтди. Унда “Бхаратия джаната парти” (Ҳиндистон халқ партияси) бошчилигидаги Миллий –демократик альянс номзоди Драупади Мурму ғалаба қозонди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 339
Рейтинг: 2.9
t
×