Қашқадарёга марокаш чигирткалари ёпирилди
Жамият
−
28 Май 2021
12494Қашқадарё яйловларида зарарли чигирткаларга қарши курашиш тадбирлари бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг Матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ чегара ҳудудларда ўрганиш олиб боришганида қўшни республика ҳудудидан вилоятнинг Деҳқонобод тумани Хужапалас қишлоғи яйловларига, шунингдек, Ғузор тумани (Тахам, Жанқара, Кенгсой) яйловларига зарарли марокаш чигирткаларининг катта тўдалари учиб ўтаётгани аниқланган.
Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан тезкорлик билан ушбу ҳудудларда отрядлар тузилиб, уларга 74 турдаги ишлов тадбирларини амалга ошириш техникалари жалб этилиб, зарарли чигирткаларга қарши самарали кимёвий ишловлар ўтказиш ишлари бошланган. Шунингдек, 24 соат ишлайдиган махсус штаб ташкил этилган.
Таъкидланишича, жорий йилда зарарли чигирткаларга қарши 140 минг гектар майдонга кимёвий ишловлар ўтказилиши кутилмоқда. Шундан, Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон, Миришкор, Чироқчи ва Шаҳрисабз туманлари яйловларида 88,5 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар бериш якунланган.
Масъулларнинг қайд этишларича, 10 июнга қадар ушбу зарарли чигирткаларга қарши самарали ишлар амалга оширилиб, бошқа вилоятларга кириб бормасидан йўқ қилиш режалаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь