Қашқадарёда “участковый”лар уйидан олиб кетган фуқаронинг жасади қайтарилди. Вилоят ИИБ ҳолатга изоҳ берди

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида маҳалла профилактика инспектори бошқа бир ҳудуд “участковый”и билан ҳудудидаги фуқарони уйидан Наркологик диспансерга олиб кетгани, эртаси куни эса текширувга олиб кетилган эркакнинг жасади қайтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қашқадарё вилоят ИИБ Матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, Нишон тумани “Каптарли” МФЙда яшовчи фуқаро М.М.нинг турмуш ўртоғи фуқаро Ж.С. 2021 йилнинг 25 июль куни соат тахминан 19:30 ларда Нишон тумани ИИБ ҲПБ ТП профилактика катта инспектори капитан И.Холматовнинг хизмат уйига келиб, Тошкентдаги “Абу саҳий” бозорида ишловчи турмуш ўртоғи, у ердан 25 июль куни соат тахминан 18:00 ларда уйига маст ҳолатда етиб келганини, бироздан сўнг, ўзига келиб, қўлида пичоқ билан жанжал қилишни бошлаганини, агарда унга чора кўрилмаса, бошқа салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини маълум қилган.

Капитан И.Холматов, фуқаро Ж.С.нинг яшаш хонадонига борган вақтида марҳум М.М. спиртли ичимликдан маст ҳолда турмуш ўртоғини оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилиб, қонуний талабига бўйсунмаган. Маҳалла инспектори “Каптарли” МФЙга қўшни бўлган “Ширинобод” МФЙ профилактика инспектори катта лейтенант Х.Пўлатовни чақирган. Катта лейтенант Х.Пўлатов билан биргаликда “Ширинобод” МФЙда яшовчи жамоатчилик вакили фуқаро Г.А. ҳам келган. 

Капитан И.Холматов келгусида оила турмуш доирасидаги жиноятлар содир бўлишини олдини олиш мақсадида фуқаро Ж.С.га турмуш ўртоғини Наркология диспансерига мажбурий тартибда ётқизиш бўйича ариза ёзиб бериши лозимлигини тушунтирган. Бироқ, фуқаро Ж.С. туман ИИБ бошлиғи номига ариза ёзиб беришдан бош тортгани сабабли, бўлиб ўтган ушбу ҳолатни тегишли тартибда ҳужжатлаштириш мақсадида марҳум фуқаро М.М. МФЙ биносига олиб борилиб, маҳалла раисининг 2021 йил 25 июль кунидаги 2-сонли билдириш хатига асосан, фуқаро шу куни соат 23:20 да вилоят Наркология диспансерида кўрикдан ўтказилган.

Кўрикдан ўтказиш давомида, марҳум М.М.га “мастликни ўрта оғир даражаси” ташхиси қўйилиб, танасида жароҳатлар бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш бўйича тиббий кўрикдан ўтказилиб, ушбу тиббий кўрик натижаларига кўра, касаллик тарихи очилган. Мажбурий тартибда даволаниш тўғрисидаги йўлланма асосида марҳум М.М. Қарши тумани “Мирмирон” МФЙ ҳудудида жойлашган вилоят Наркология диспансерига топширилган.

Қарши туман ИИБга 2021 йил 26 июль куни тушган хабарга кўра, шу куни соат 20:45 ларда, фуқаро М.М. тўсатдан вилоят Наркология диспансерида вафот этган.

Шунингдек, марҳум М.М.нинг оиласи “Каптарли” МФЙда нотинч оила сифатида рўйхатга қўйилганлиги аниқланган.

Суд-тиббий экспертизасининг 26 июлдаги маълумотномасида марҳум М.М. “сурункали алкоголизм” натижасида вафот этгани кўрсатилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳамда профилактика инспекторлари И.Холматов ва Х.Пўлатовга нисбатан Қашқадарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 июль куни Сурхондарёнинг Денов туманида яшовчи фуқаро маҳалла профилактика инспектори ва унинг ёрдамчилари томонидан олиб кетилиб, аёвсиз калтакланиши оқибатида эртаси куни шифохонада вафот этганди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 206-моддалари (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё

Баҳолаганлар

833

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг