Қашқадарёда ФВБ бошлиғи 3,5 минг доллар пора билан ушланди
3-саҳифа
−
15 Август 8766 1 дақиқа
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 3,5 минг доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шаҳрисабз тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 2 нафар фуқаронинг жорий йил июль ойида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шаҳрисабз ва Чироқчи туманлари бўлимларини касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмларига ҳайдовчи вазифасига ишга қабул қилинганидан фойдаланиб, уларнинг ишга киришига кўмаклашганини рўкач қилиб, 6 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс Шаҳрисабз туман ФВБ маъмурий биносида сўралган пул маблағидан 3,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-(Фирибгарлик) ва 211-(Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 14,3 млн сўм ва 450 доллар пора олган Мажбурий ижро бюроси ижрочиси 6 йилга қамалганди.
Live
Барчаси