Қашқадарёда фуқаро икки ноёб илонни ўлдириб, уйига осиб қўйди

3-саҳифа

image

Қашқадарё вилоятида фуқаро 2 та кўлвор илонини ўлдириб, ҳовлисига осиб қўйгани маълум бўлди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, вилоят Экология бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Нишон туманида рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида “Балхияк” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Қ. хонадонида 9 та бўз эчкиэмари ҳамда 5 та Ўрта Осиё чўл тошбақасини ноқонуний сақлаб келаётгани ҳамда 2 та кўлвор илонини ўлдириб, ҳовлисига осиб қўйгани аниқланган. Тошбақалардан бири нобуд бўлган.

Ҳуқуқбузардан бўз эчкиэмарлари, Ўрта Осиё чўл тошбақалари ҳамда кўлвор илонлари олиб қўйилиб, ҳайвонларнинг яшаш муҳитига мос бўлган чўл ҳудудига қўйиб юборилган.

“Ўрганиш давомида А.Қ. ҳайвонот дунёсига 51 млн 480 минг сўм миқдорида зарар етказгани аниқланди. Айни дамда юқоридаги ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш учун тайёрланмоқда”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, бўз эчкиэмари ва Ўрта Осиё чўл тошбақаси Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITES (йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция)га киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг