Қашқадарёда 8 ойлик гўдакка “уксус” ичирилди
3-саҳифа
−
11 Сентябрь 2023
21407Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида эҳтиётсизлик оқибатида “уксус” ичириб қўйилган 8 ойлик чақалоққа Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали ходимлари совуққонлик билан қараётгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 сентябрь куни соат 15:32 да шу йилнинг 7 февралида туғилган И.Х. ота-онаси томонидан РШТЁИМ Қашқадарё филиали реанимация бўлимига оғир аҳволда олиб келинган. Уларнинг сўзларига кўра, шу куни соат 12 лар атрофида назоратсизлик ва эҳтиётсизлик оқибатида гўдакка сувда эритилмаган юқори концентрацияли сирка кислотаси ичирилган.
Оқибатда аҳволи оғирлашган гўдак дастлаб Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмаси болалар шифохонасига, сўнг филиалига юборилган.
“Беморга “Сирка кислотасидан ўткир заҳарланиш. Оғиз бўшлиғи, лаблари, ҳалқум, ҳиқилдоқ ва қизилўнгач шиллиқ қаватларининг 1-2 даражали кимёвий куйиши, токсик нефрит, токсик миокардит, токсик пневмония” ташхиси қўйилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган ва стандарт бўйича интенсив даво муолажалари бажарилмоқда”, дейилади вилоят ССБ муносабатида.
Касалликнинг 2-суткасида юқори нафас йўллари куйиши оқибатида юқори нафас йўллари стенози ва шиши ривожланиб, беморда нафас етишмовчилиги 3-даражаси ва юрак қон-томир етишмовчилиги оқибатида тўсатдан юрак тўхташи кузатилган. Интенсив реанимацион чоралар кўрилганидан сўнг юрак уриши тикланган ва чақалоқ сунъий нафас аппаратига ўтказилган.
“Мурожаатда беморга тиббий хизмат кўрсатган шифокорлар шаънига (масалан, “супер-контрактда ўқиган”, қабилида) асоссиз гаплар айтилган. Ваҳоланки, улар кўп йиллик тажрибага эга бўлган, олий тоифали врачлар ҳисобланади. ЛОР шифокор санитар авиация йўналиши орқали олиб келинган, гўдакнинг аҳволи оғирлиги сабабли у тўғридан-тўғри реанимация бўлимига келиб, формасиз бўлса ҳам шошилинч ёрдам кўрсатишни лозим деб топган”, дейилади хабарда.
Шундан сўнг токсиколог, реаниматолог, комбустиолог, болалар хирурги ва бошқа мутахассислар иштирокида консилиум ўтказилган. Айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассисларидан телемедицина орқали тегишли тавсиялар олинмоқда.
Айтиш жоиз, 7 ойлик чақалоқ учун ушбу ҳолат ўта оғир ҳисобланади. Бола организми ҳали бундай жароҳатни кўтариши қийин. Ҳозирда вазият вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратига олинган, гўдакнинг аҳволи касаллик кечиши, юзага келган асоратлар сабабли оғирлигича қолмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда видеомурожаат билан чиқаётган беморнинг яқинларидан вазият нечоғлик мураккаб бўлмасин, эҳтиросга берилмасдан ҳолатни тўғри баҳолаши ва қонун доирасида иш тутишларини сўраймиз”, дейилади ССБ хабарида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь