Қашқадарёда ҳам оғир юк машиналарининг ҳаракати вақтинчалик чекланди

Жамият

image

Қашқадарё вилоятида оғир юк автомобилларининг ҳаракатига вақтинчалик чеклов жорий этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, автомобиль йўллари қопламасини сақлаш ҳамда уларнинг муддатидан олдин шикастланишининг олдини олиш мақсадида оғир юк автомобилларининг ҳаракатига вақтинча чеклов жорий этилган.

Гидрометеорология хизматининг маълумотларига кўра, вилоятда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 42–44 даражагача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам юқорига кўтарилмоқда. Бундай иссиқ ҳавода асфальт қопламаси 70–75 даражагача қизиб, унинг оғир юкни кўтариш қобилияти пасаяди. Натижада йўлларда ғилдирак излари, деформациялар ва бошқа шикастланишлар юзага келиши мумкин.

“Шу муносабат билан, давлат бюджети ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ва таъмирланган автомобиль йўлларини асраш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ–900)нинг 15 ва 23-моддалари ҳамда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси талабларига мувофиқ, Қарши шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади”, дейилади ҳокимлик ахборотида.

Ҳайдовчилар ҳамда юк ташувчи корхоналардан белгиланган чекловларга амал қилишлари ва юк ташиш вақтларини шунга мос равишда режалаштиришлари сўралган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида оғир юк автомобилларининг ҳаракатига вақтинча чекловлар жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг