Қаршида “замҳоким” ходимларни бўралаб сўкди (видео)

3-саҳифа

image

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ҳокимнинг биринчи ўринбосари Нурбек Турдиев йиғилишда ходимларни бўралаб ҳақорат қилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га видеомурожаат етиб келди.

Ушбу мурожаатга кўра, Турдиев онлайн йиғилишга кечикиб кирган ходимни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, уни камситган.

“Сен эшак ўзинг кимсан, бир тийинга қиммат одамсан-ку. Ҳали мени даражамга етасанми ҳали йўқми. Бир тийинга қимматсан”, деган Турдиев.

У, шунингдек, яна бир ходимга нисбатан ўта қўпол сўзлар ишлатган.

Шунингдек, мурожаатчилар ҳоким ўринбосари ишчиларни доимий камситиб келиши, асоссиз ишдан бўшатиши ҳақида ҳам айтган.

“Бу раҳбар – Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари фаолиятидан нафақат мен, балки ҳокимликнинг кўплаб ходимлари ҳам азият чекмоқда. У айрим ходимларни ноқонуний равишда ишдан бўшатган. Суд томонидан уларни ишга тиклаш ҳақида қарор чиқарилган бўлса-да, шаҳар ҳокимлиги ушбу суд қарорларини бажармаяпти. Судга чақирилганда масъуллар бормаслиги ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу муаммолар давом этаётганига қарийб бир йил бўлди, аммо ҳанузгача ҳеч ким тегишли чора кўра олмаяпти. Мажбурий ижро органларига мурожаат қилинганда ҳам ҳокимиятга нисбатан амалий таъсир ўтказиш қийин. Чунки айрим масъуллар бу масалага аралашса, ўз лавозимидан айрилиб қолишидан хавотирда”, деган мурожаатчи.

У яқин орада ҳокимлик ходимларидан бири пора билан қўлга тушгани ва кейинчалик жарима билан қутулиб кетганини ҳам қўшимча қилган.

“Яқинда ҳокимлик ходимларидан бири пора билан қўлга тушгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Аммо эшитишимизча, у кейинчалик жарима ёки товон пули эвазига жавобгарликдан қутулган. Шу каби давом этаётган ноҳақликлар билан шуғулланадиган, вазиятга холис баҳо берадиган ташкилот борми? Республикадан келган текширув вакиллари эса кўпинча "муаммо йўқ, мурожаатлар йўқ" деган хулоса билан қайтиб кетишади. Ваҳоланки, ҳокимликдаги ҳақиқий аҳвол бундан мутлақо бошқача.

Бир неча ходимлар айбсиз ҳолда ишдан бўшатилган. Ҳатто суд қарори билан ишга тикланиши белгиланган фуқаролар ҳам амалда ўз ишига қайтарилмаётгани ҳақида маълумотлар бор. Агар ҳокимият суд қарорларига бўйсунмаса, бу қонун устуворлиги тамойилига зид эмасми? Ахир ҳокимият органлари жамиятга ўрнак бўлиши керак-ку.

Ходимларга бўлган муомалани кўрсангиз, гўё айримлар давлат идорасини ўзининг шахсий мулкидек бошқараётгандек таассурот уйғотади. Лавозим ҳеч кимга мерос бўлиб қолмаган. Давлат идораларида қонун, адолат ва инсоний муносабат устувор бўлиши керак.

Менимча, бу масалага фақат республика даражасидаги ваколатли органлар холис ва адолатли баҳо бериб, тегишли чоралар кўриши мумкин”, деган мурожаатчи.

QALAMPIR.UZ журналисти ҳолатга аниқлик киритиш ва расмий муносабат олиш учун шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати билан боғланди. Бироқ ушбу воқеа ҳақида сўралганда, ҳокимликнинг масъул ходими ҳеч қандай изоҳ ва тушунтириш бермасдан телефонни ўчириб қўйди. Кейинчалик, қайта қўнғироқ қилинганда эса ҳокимлик вакиллари қўнғироқларга жавоб беришни лозим топмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Насибилло Мўминовнинг овози экани айтилган аудиоёзув кенг тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қарши Нурбек Турдиев онлайн йиғилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг