Асака ҳокими фуқарони бўралаб сўкди (видео)
3-саҳифа
−
27 Май 35667 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Насибилло Мўминовнинг овози экани айтилган аудиоёзув кенг тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тарқалган аудиоёзув ва видеода ҳоким фуқаролардан бирини кескин ҳақоратлаб, унга “кўрсатиб қўйиши”ни таъкидлаганини эшитиш мумкин. Фуқаро эса туман раҳбари бўлган Мўминов халқнинг пулидан тирикчилик қилиши, энди эса уларни “тепаётгани”ни айтган. Шунингдек, агар ҳоким ишдан кетса, буйруқ бериб, уни қамаб қўядиган одамлари бўлмаса, ҳақоратланган йигит унга жавоб қайтаришини билдирган.
QALAMPIR.UZ ҳолат бўйича маълумот олиш мақсадида туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, ҳолат 2024 йилнинг декабрь ойида содир бўлган. Айни пайтда ҳокимнинг фуқарога қилган муносабати юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг тегишли қарорига асосан 2023 йилнинг октябрь ойида Асака тумани ҳокими Бекзод Умматов вазифасидан озод этилганди. Умматовнинг ўрнига эса унинг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Насибилло Мўминов Асака тумани ҳокими вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланганди.
Мўминов меҳнат фаолиятини 2001 йилда Андижон қурилиш техникумининг махсус фан ўқитувчиси вазифасидан бошлаган.
2003-2015 йилларда Андижон уй-жой ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида бўлим бошлиғи, амалиёт ишлари бўйича, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаган.
2015-2017 йиллар давомида Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежининг директори, 2017-2018 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Андижон вилояти бўлими бошлиғи, 2018-2019 йиллар давомида эса Андижон вилояти ҳокимлиги касб-ҳунар бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият юритган.
Бундан олдин ҳам, аниқроғи 2024 йилда Насибилло Мўминов вилоятдаги ҳокимларнинг анъанавий қабулида ўз дардини айтиб келган аёлга ниҳоятда қўпол муносабатда бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Бўка тумани ҳокими Бахтиёр Бегматов қўл остидаги ходимларни сўккани ёзиб олинган аудио тарқалганди. Ҳокимлик матбуот хизмати ушбу овоз айнан Бегматовга тегишли эканини тасдиқламади, бироқ инкор ҳам этмаганди.
Шунингдек, ўтган йилнинг октябрь ойида Сирдарё вилояти Боёвут туманининг сўконғич ҳокими Дилфуза Ўролова фермерлардан бирини кескин ҳақоратлаб, қўл-оёғини боғлатиб, ички ишлар ходимларига топшириб юборганини айтганди.