Қаршида 2874 туп дарахт қўпориб ташланди
Жамият
−
20 Январь 2021
4640Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги Буюк Турон кўчасида минглаб дарахтларнинг қўпорилаётганлиги тасвирланган видео ҳамда хабар тақралди. Давлат экология қўмитаси мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, қўмитанинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ҳамда Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ҳолатни ўрганиш учун бевосита баён этилган манзилга чиққан.
Ўрганиш давомида Қарши шаҳар ҳокимининг қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида Кичик саноат зонаси ташкил этилаётган бўлиб, мазкур ҳудуддаги 2 874 туп ҳар хил турдаги дарахтлар давлат рақами 555 СА 70 экскаватор техника воситаси ёрдамида илдизи билан қўпорилганлиги аниқланган ва ҳолат юзасидан далолатнома тузилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Қарши шаҳар Қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябрдаги Қарши шаҳар “Буюк Турон” МФЙ, Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган “Кичик саноат зонаси” ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаатга жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесиш тартиби кўрсатиб ўтилган ҳолда, дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.
Шу билан бирга ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган Кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик ҳулосаси олинмаганлиги аниқланган.
Айни дамда юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
LiveБарчаси