Қарши ҳужум: Афғонистон ҳукумат кучлари бир қанча туманни “Толибон”дан озод қилди

Олам

image

Афғонистон ҳукумат кучлари мамлакат шимолидаги қатор туманларни “Толибон”дан озод қилиб, ўз назоратини ўрнатди. Хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган операцияда 200 нафар толиб ҳалок бўлди ва 100 дан ортиғи жароҳатланди. Бу ҳақда “Reporterly” портали Афғонистон Мудофаа вазирлиги вакили Фавад Аманга таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари мамлакат шимолида “Толибон”га қарши ҳужумларни кучайтирмоқда. Операция давомида 5 та туман озод қилинган. Жангариларнинг қарши ҳужумлари қайтарилган.

Ҳукумат кучларининг ҳужумини “Толибон”га қарши бўлган маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватламоқда. Aфғонистон вилоятларида мамлакат хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш учун ўзини ҳимоя қилиш бўлинмалари тузилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. Постни қўриқлаган афғон аскарлари Тожикистонга қочиб ўтган.

Маълумот ўрнида, Шерхон-Бандар божхона пости — Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги муҳим савдо ва қайта юклаш пункти, у орқали Тожикистоннинг Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдан, шу жумладан Покистон ҳамда Эрондан келадиган юклари ўтади.

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, Афғонистоннинг 50 фоизини (34 та провинциянинг 17 таси) “Толибон” ҳаракати назорат қилмоқда.

Сўнгги бир ой ичида у “Толибон” кучлари билан тўғридан-тўғри Фарёб, Жузжон ва Сари-Пул ҳудудларида кураш олиб борганди.

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод, Қайсар ва Гҳор провинциясининг Шаҳрек ҳамда Урузган провинциясининг Гизоб туманларини қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

277

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг