Қарама-қарши йўлдан юриб, қизилдан ўтган ҳайдовчига чора кўрилди (видео)
3-саҳифа
−
24 Июль 9563 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда BYD русумли автомобиль қарама-қарши йўлда ҳаракатланиб, чорраҳадан светафорнинг қизил чироғида бурилгани акс этган видео кенг тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсдаида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойберганов билан боғланди.
Худойбергановга кўра, ҳолат юзасидан пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Маълум қилинишича, қоидабузар ушбу видеони уйдагиларига ташлаб бериш учун тасвирга олган, лекин болалар ҳазиллашиб уни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган. Воқеа пойтахтнинг Учтепа туманида содир бўлган.
Ҳайдовчига кўра, ушбу қоидабузарликлар жорий йилнинг март ойида амалга оширилган.
“Машина сотиб юборилган бўлса ҳам қоидабузар жавобгарликка тортилди”, дейди Қаҳрамон Худойберганов.
Ҳолат юзасидан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10-моддаси (йўл безорилиги) билан баённома расмийлаштирилган. Унга кўра, ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан икки йилгача муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари (8 млн 500 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида эндиликда “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилиши ҳақида айтилганди. Унга кўра, қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади.