“Қамчиқ”да транспорт воситалари ҳаракати тўхтатилди
Жамият
−
21 Декабрь 2019
7336“Қамчиқ” довонида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг куч ва воситалари томонидан автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди. Бунга Гидрометеоролигия хизмати марказининиг берган маълумотига кўра бугун, 21 декабрь куни А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлида қор кўчкиси хавфи мавжудлиги сабаб бўлди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни қабул қилиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Қамчиқ” довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шоҳобчаларига жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Улар учун барча шароитлар (иссиқ овқат, ичимлик суви, дам олиш жойлари) яратилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, қор қатлами йиғиладиган жойлар ҳолати мустаҳкам эмас, қор кўчиши хавфи мавжуд.