Ижтимоий тармоқда туман ҳокимига тухмат қилган фуқаро қамалди
Жамият
−
13 Март 2019
9045Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғида туман ҳокимига нисбатан ёлғон маълумот тарқатгани учун айбдор деб топилди.
Фуқаро Odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғида тарқатган видеолавҳасида туман ҳокими 15-20 гектар ерни 5-10 минг АҚШ долларидан сотиб юборганини айтиб, уни жуда кўп миқдорда пора олганликда айблаган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бундан ташқари, айбланувчи бу қилмиши билан чекланиб қолмай, фирибгарлик билан ҳам шуғулланиб, иккита одамнинг иш ҳақини бермай келган.
“Инсон ҳар қандай қилмиши учун жавоб беради. Фуқаро томонидан амалга оширилган ишлар, видеоматериалларда тилга олинган ҳолатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Натижада бу фуқаро айтган гапи, келтирган фактларини далиллар билан исбот қилиб бера олмади”, деган Жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани суди раиси Мақсудбек Қиличев.
Айбланувчи қилган туҳмати ва фирибгарлиги учун 1 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.