Италия Россия газидан бутунлай юз ўгирмоқчи
Олам
−
21 Декабрь 2022
4684Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Римнинг Россия газидан бутунлай воз кечиш ниятини тасдиқлади.
“Италия бутун Европанинг ўзи учун энергия марказига айланишни истайди. Биз Россия газидан фойдаланмасликка қарор қилдик, лекин Туркия билан муаммо йўқ", дейди у Россия ва Туркия ўртасидаги газ лойиҳаси ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Италия ўзининг табиий газга бўлган эҳтиёжининг 40 фоизини таъминлаш учун Россия газидан фойдаланган. Расмийларнинг таъкидлашича, улар аллақачон бу рақамни икки баравар камайтирган.
Туркияда “Шимолий оқим” орқали йўқолган транзит ҳажми қайта йўналтирилиши мумкин бўлган Европадаги энг йирик газ хабини яратиш ғояси билан Россия Президенти Владимир Путин яқинда бўлиб ўтган “Россия энергетика ҳафталиги” форумида сўзлади. Унинг сўзларига кўра, гап Туркияда яна бир газ қувурлари тизимини қуриш ва хаб яратиш имконияти ҳақида бормоқда, агар улар бундан манфаатдор бўлса, учинчи давлатларга, биринчи навбатда, Европага газ етказиб берилади.
13 октябрь куни Остонада бўлиб ўтган Россия ва Туркия Президентларининг музокараларида Туркияда газ хаби яратиш масаласи муҳокама қилинган эди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, марказни энг қисқа вақт ичида ташкил этиш режалаштирилган, унинг учун энг мос жой Туркиянинг Европа қисмидаги Фракия минтақасидир.
Эрдўған туркман газини ҳам Озарбайжон ёрдами билан Каспий денгизи орқали Туркияга олиб келиб, сўнг уни Европа мамлакатларига пуллашни режалаштиряпти. Шу мақсадда 14 декабрь куни Туркманбоши шаҳрида Туркия-Озарбайжон-Туркманистон Президентларининг биринчи уч томонлама саммити бўлиб ўтди. Саммитдан сўнг Эрдўған Энергетика вазирлиги раҳбарига бир ой муддатда туркман табиий газини Европага экспорт қилиш масаласини ишлаб чиқишни топширганини айтди.
LiveБарчаси