Италия Президенти Самарқандга жўнаб кетди
Жамият
−
10 Ноябрь 2023
7054Айни кунларда расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Тошкентдаги асосий тадбирлар якунлангач Самарқандга жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазирининг матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, Италия Президенти Ўзбекистон раҳбари билан бўлиб ўтган бир қатор расмий учрашувлардан сўнг Бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига ташриф буюриб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишган.
Шундан сўнг, Президент Сержо Маттарелла қизи Лаура Маттарелла ҳамроҳлигида мамлакатнинг маданий-тарихий мероси билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига жўнаб кетган. Олий мартабали меҳмонларни Тошкент халқаро аеропортида Бош вазир Арипов кузатиб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 ноябрь куни Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла қизи Лаура Маттарелла билан бирга Ўзбекистонга келганди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди. Бугун, 10 ноябрь куни эрталаб Сержо ва Лаура Маттареллалар Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Кейинчалик Кўксарой қароргоҳида Италия Президенти Сержо Маттареллани расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Кўксарой қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказди. Унда кейин эса икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь