Италия дунёдаги урушларга Олимпия сулҳини эълон қилиш таклифини киритди – ОАВ
Спорт
−
10 Октябрь 1205 1 дақиқа
Италия Бирлашган Миллатлар Ташкилотига (БМТ) 2026 йилда Милан–Кортинада бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ўйинлари давомида бутун дунё бўйлаб тинчлик ташаббусни тақдим этди. Бу таклиф барча урушларга жумладан, Украина ва Яқин Шарқдаги можаро ҳудудларига ҳам тааллуқли бўлади. Бу ҳақда ANSA агентлиги хабар берди.
Бу сулҳ таклифини Италия Бош вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Римда ўтказилаётган Италия ва Лотин Америкаси ҳамда Кариб денгизи давлатлари ўртасидаги 12-конференция арафасида маълум қилди.
“Тинчлик тарафдори бўлишимиз керак. Биз АҚШнинг Ғазо бўйича режасини қўллаб-қувватлаймиз. Рим папаси айтганидек, тинчликка умид қилишдан ҳеч қачон воз кечмаслигимиз лозим. Рим ва Италия тобора тинчлик, тараққиёт ва ўсиш чорраҳасига айланиб бормоқда. Милан–Кортина Олимпиадасини ҳисобга олган ҳолда, биз барча урушлар, хусусан Украина ва Яқин Шарқ учун Олимпия сулҳини таъминлаш ташаббусини БМТга тақдим этмоқдамиз”, деди Таяни.
Маълумот учун, Милан-Кортина-д’Ампеццо Қишки Олимпия ўйинлари 2026 йилнинг 6-22 февраль кунлари ўтказилади.