ISW Каховка ГЭСининг портлаши кимга фойда келтирганини айтди
Олам
−
07 Июнь 2023
17679Кеча, 6 июнь куни Каховка ГЭСининг портлаши ортидан Украина ва Россия бир бирини айблашда давом этмоқда. Урушни ўрганиш институти (ISW) тадқиқотчилари эса мазкур портлашда Украинадан кўра Россия кўпроқ манфаатдор эканини ёзмоқда. Бу ҳақда институт томонидан бугун, 7 июнь куни эълон қилинган ҳисоботда сўз очилди.
Таҳлилчиларининг таъкидлашича, ҳозирда ГЭС портлаши ортида ким тургани ҳақида холис маълумотлар йўқ. Иккала томон ҳам бир-бирини айбласада, ISW мазкур ҳолатга Москва кўпроқ алоқадор, деб ҳисоблайди.
Қайд этиш жоизки, Россия, хусусан, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков томонидан илгари сурилган версияга кўра, Украина қуролли кучлари қарши ҳужумда мақсадларига эриша олмагани сабаб тўғонни портлатган. Таҳлилчилар мазкур сценарийни рад этиб, ўз далилларини келтирган.
“Украина қўшинлари ҳали кенг кўламли ҳужум операцияларини ўтказмагани учун бунга ишониш даргумон”, дейди таҳлилчилар.
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу эса Украина кучлари Днепрнинг ўнг қирғоғидан ўз қўшинларини хавфсиз олиб чиқиб кетиш ва уларни шарққа кўчириш учун сув тошқини уюштирганини даъво қилган. Институт таҳлилчиларининг таъкидлашича, бу сценарий ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки дарёнинг шарқий (чап) қирғоғидаги чекланган Россия кучлари ҳимоя учун Украинанинг муҳим ҳарбий иштирокини талаб қиладиган ғарбий (ўнг) қирғоққа жиддий хавф туғдирмайди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Россия томонининг ўзи Днепрнинг пастки қисмини сув босишидан манфаатдор бўлган.
“Россия сув тошқинидан Днепр дарёсини кенгайтириш учун фойдаланиши ва Украинанинг аллақачон қийин бўлган сув ҳавзаси бўйлаб қарши ҳужумга уринишларини мураккаблаштириши мумкин. Россия манбалари Украина дарёни кесиб ўтиши ва Херсон вилоятининг шарқий қирғоғида қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётганидан қатъий хавотир билдирди”, дейилади ISW хулосасида.
Эслатиб ўтамиз, Каховка ГЭСининг портлаши ортидан Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинганди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Москва ўтган йилдаёқ БМТ Бош котибини Украинанинг Каховка ГЭСини йўқ қилиш режаларидан огоҳлантарганини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь