Истанбулда ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазият таранглигича қолмоқда
Жамият
−
26 Март 2020
10001Туркияда коронавирус хавфи ортиб бормоқда. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 10 март куни қайд этилган бўлса, айни вақтга қадар 2433 киши ушбу хасталикка чалинди. Улардан 59 нафари вафот этди, 26 киши соғайди. Мамлакатдаги эпидемиологик вазият қалтислашиши ортидан Туркиянинг турли шаҳарларида ўқиётган ва ишлаётган юз минглаб ўзбекистонликларнинг Ватанга қайтиш талаби ортган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Истанбудаги беқарор вазият ҳақида расмий баёнот бериб, Туркиянинг Истанбул шаҳрида қолаётган ўзбекистонликларга мурожаат қилди.
“Ҳозирда Туркияда, хусусан Истанбулдаги вазият таранглигича қолмоқда. Ҳурматли Истанбулдаги фуқароларимиз, Бош консулхона Ўзбекистонга қайтмокчи бўлган фуқароларимиз рўйхатини тузиб, уни ТИВга юборади. Ушбу рўйхат ҳар куни мурожаатлар асосида янгиланиб, тўлдирилади ва ваколатли идораларга, хусусан Республика махсус комиссиясига, Транспорт, Соғлиқни сақлаш, Фавкуолдда вазиятлар вазирлигига ва Миллий авиакомпаниямизга юборилади. Ушбу идоралар ҳамкорликда чартер рейсларини амалга ошириш ва ташкилий масалаларни ҳал қилади”, дейилади мурожаатда.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 21 ва 24 март кунлари Истанбулдан чартер рейслари ташкиллаштирилиши натижасида 500 га яқин ўзбекистонликлар оллиб келинган. Ушбу жараён давом этади.
“Лекин Бош консулхона олдида тўпланиб, дипломатларимиз ваколатига кирмайдиган турли талаблар қўйиш (зудлик билан чартер рейсини ташкиллаштириш) билан масалани ҳал қилиб бўлмайди, вазият таранглигича қолаверади.
Шу ўринда Бош консулхонага ўз мурожаатларингизни +90 537 668 49 60 рақамга WhatsApp вa Telegram мессенжерлари орқали юборишингиз мумкин, жумладан, паспорт ва агар мавжуд бўлса авиачипта нусхасини.
Мамлакатимизда ҳам ўз юртига кета олмаган чет эл фуқаролари қайд этилган. Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентдаги хорижий мамлакатлар дипломатик ваколатхоналари билан яқин алоқада бўлиб туриб, бугунги кунга қадар алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 3000 дан ортиқ чет эл фуқароларини ўз ватанларига қайтиш максаласи ҳал қилинди. Хориж фуқаролари ҳам вазиятни тушуниб, Ўзбекистоннинг ички тартиб ва қоидаларига риоя этиб, сабрли бўлиб, ўз элчихоналари билан алоқада бўлиб туришган ва уларнинг кўрсатмалари асосида аэропортга бориб ўз ватанларига қайтиб кетганлар.
Ҳурмали Туркиядаги фуқароларимиз, сизни бироз сабрли ва матонатли бўлишга, тинчлик ва осойишталикни сақлашга чақириб қоламиз.
Бугунги оғир вазият нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кузатилмоқда. Ҳаттоки йирик ривожланган давлатлар ҳам фалаж ҳолига келиб, муаммони ҳал қилишда катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Баъзи давлатлар эса ҳатто ўз фуқароларини ҳам қабул қилишдан бош тортмоқда.
Лекин хориж давлат фуқаролари вазиятни тўғри баҳолаб, ўз ҳукуматларига дастак бўлмоқда ва ортиқча муаммо келтириб чиқармасликка ҳаракат қилмоқда.
Мамлакатимиз ҳам албатта, бу оғир дамлардан ўта олади. Биз буюк аждодлар авлодимиз, бундан ҳам қийин ва машаққатли дамларда ғуруримизни, маданиятимизни йўқотмасдан қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган халқмиз. Ўзлигимизни йўқотмасдан, саросимага тушмасдан, сабр ва қаноат билан вазиятни идрок қилиб, оғир босиқлик билан мавжуд ҳолатга ёндашишга ундаймиз”, дейилади мурожаатда.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда коронавирус билан хасталанган 65 бемор қайд этилган. Мамлакатда коронавирус аниқланган дастлабки икки беморнинг бири Франциядан, иккинчиси Туркиядан қайтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь