Истанбул “қулаши” мумкин

Олам

Туркиялик сейсмологлар Мармар денгизи минтақасида, хусусан 16 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Истанбул шаҳрида 7,2-7,6 балли зилзилалар бўлишини башорат қилди. 

Бу ҳақда Истанбул шаҳар мэриясининг зилзилалар бўйича олимлар Кенгаши аъзоси Ҳалук Эйидўғанга таяниб, РИА Новости хабар берди.

Маълум қилинишича, агар Мармара денгизида тектоник ҳаракатлар фаоллашса, кучли зилзила содир бўлади. 2030 йилгача бундай зилзила содир бўлиш эҳтимоли тахминан 50 фоизни ташкил этади. Аммо зилзиланинг айнан қайси куни ва соат нечада содир бўлиши ҳозирча номаълум.

“Бу хулоса минтақадаги 2000 йиллик зилзилалар тарихини ўрганиш, геофизик ва сейсмик тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш асосида қилинган”, дейди Ҳалук Эйидўған.

Мутахассисга кўра, бундай таҳдидларни кенг оммага эълон қилишдан мақсад уларни таҳликага солиш эмас, балки одамлар бундай фалокатга тайёр туриши ва расмийлар келажакда юзага келиши мумкин бўлган зарарни камайтириш учун олдиндан зарур чораларни кўриш кераклигини эслатиш ҳисобланади. 

“Мармара денгизи минтақасида юз бериши мумкин бўлган зилзила бир вақтнинг ўзида 25 миллиондан ортиқ аҳолига эга 7 та вилоятга таъсир қилади. Қанчалик катта зарар етказилишини тасаввур қилиш қийин”, дейди мутахассис.

Ушбу башоратдан сўнг Туркия ҳукумати мамлакатнинг энг катта шаҳри Истанбулни башорат қилинган зилзилага тайёрлашни бошлаб юборди. Бу ҳақда Туркия Экология ва шаҳарсозлик вазири Меҳмет Ўжасеки матбуот анжуманида маълум қилди.

“Биз жаноб [Истанбул ҳокими] Экрем [Имомўғли] ва Истанбул туманларининг раҳбарлари билан шаҳарда юз бериши мумкин бўлган зилзила масаласида учрашиб, принципиал келишувга эришдик. Келаси ҳафтадан [офатга тайёргарлик кўриш учун] ишни бошлаймиз”, дейди Меҳмет Ўжасеки.

Вазирнинг сўзларига кўра, Истанбул сейсмик фаоллик бўйича дунёнинг энг хавфли ўнта шаҳридан бири саналади.

“Зилзила хавфи сиёсатдан ташқари мавзу. Биз бир сонияни ҳам бой бермаймиз. Истанбулда 5 миллион 800 мингта бино бор. Улардан 1,5 миллиони хавф зонасида, 600 мингтаси юқори хавф ҳудудида”, дейди у.

Сейсмологлар аввалроқ Онадолу ва Евроосиё тектоник плиталари туташган зонада жойлашган Истанбул минтақасида кучли зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган эди. Уларнинг фикрича, бундай силкинишлар ортидан шаҳардаги 90 мингга яқин бино дарҳол қулаши, 260 мингдан ортиғига зарар етиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келиши ва бунинг оқибатида 4,5 миллион аҳоли бошпанасиз қолиши мумкин.

Энг қизиғи, Туркиянинг Истанбул шаҳри ва Мармар денгизи минтақасида ҳалокатли зилзила бўлишини башорат қилган, бу ҳақида бир неча бор расмийларни огоҳлантирган машҳур турк геологи ва зилзилашуноси Жалол Шенгер эса Истанбул шаҳрини тарк этишни режалаштиряпти. 

“Мен зилзиладан кейин Истанбул билан нима бўлишини биламан. 14-15 мингта бино аккордеондек (мусиқа асбоби) қимирлайди, яна 50-60 минг бино қисман вайрон бўлади. Кўчага югуришга вақтингиз бўлмайди”, деб ёзади олим. 

Жалол Шенгер Истанбулдаги кучли силкиниш оқибатида 100 мингга яқин одам қурбон бўлиши мумкинлигини башорат қилган ҳамда Истанбул аҳолисини шаҳар марказини тарк этишга чақирган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали кучли зилзилалар содир бўлган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, рўй берган зилзила қурбонлар сони 50 мингдан ошган. Шунингдек, мамлакатнинг Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги 763 000 та бинога зарар етгани, камида 41 791 бино жиддий шикастланган ёки вайрон бўлгани ҳақида маълумот берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг